Бугунги кунда юртимизда мусулмонлар талабидан келиб чиққан ҳолда масжидлар барпо этилмоқда ва эски бинолар ўрнига янги замонавийлари қурилмоқда.
Шу кунларда замонавий усулда қад ростлаган Сирдарё вилояти Ховос туманида “Ховос” жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. “Ховос” жоме масжидининг эски биноси 1956 йилда қурилган бўлиб, бугунги кунда яроқсиз ҳолатга келиб қолган эди.
Сўнги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган хайрли ишлар самараси ўлароқ Қурбон ҳайити байрами арафасида Ховос тумани «Бунёдкор» маҳалласида замонавий талабларга жавоб берадиган, барча қулайликларга эга бўлган 1000 нафардан зиёд намозхонларга мўлжалланган «Ховос» жоме масжидининг янги биноси қуриб битказилди.
Янгидан бунёд этилган масжиднинг очилиш маросимида Сирдарё вилояти ҳокимлиги, вилоят Адлия бошқармаси, Ховос тумани ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг вилоят вакиллиги рахбарлари иштирок этиб, туман аҳолисини масжид очилиши билан табрикладилар ва янги масжиднинг гувоҳномаси масжид имом-хатибига тантанали равишда топширилди.
Масжидни бунёд этилишида ўз ҳиссасини қўшганлар ва хусусан бундай хайрли ишларнинг бошида турган юртбошимиз Ш.Мирзиёев ва мутасаддилар ҳақига дуолар қилинди. Бу ўз навбатида вилоят аҳолисига байрамона тухфа бўлди.
ЎМИ Матбуот хизмати