Ўзбекистон янгиликлари

Вакилларимиз хабар қилади: Байрам олдидан йиғилиш ўтказилди

30 август куни Фарғона вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиблар иштирокида навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни ЎМИнинг Фарғона вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Салимжон қори Қодиров олиб борди.

Йиғилишда юртимизда истиқлол йилларида олиб борилган ҳамда айни вақтда изчил равишда давом эттирилаётган ислоҳотлар, хусусан, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар яна бир бор талқин этилди.

– Шу ўринда ушбу ҳадиси муборакни эсга олиш ўринлидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганида оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсин, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Агар биз ушбу ҳадиси шариф маъносига амал қилишни истар экан, шикоят қиладиган ҳолдан йироқмиз дея оламиз. Чунки истиқлол йилларида халқимиз фаровонлиги ўсди, инсон омилига бўлган эътибор кучайтирилди. 27 йил фурсат мобайнида кўплаб масжидларимиз қайта чирой очди. Энг муҳими, буларнинг барчасига тинчлик ва саломатликда гувоҳ бўляпмиз. Бу улуғ неъмат эмасми?, – дея таъкидлади вилоят бош имом-хатиби С.Қодиров.

Йиғилишда сўзга чиққанлар ҳаётий мисолларни келтирган ҳолда имом-хатиблар халқимизга шукроналик ҳисси билан яшашни ўргатишда ҳақиқий маслакдош бўлишини таъкидладилар.

Йиғилишдан сўнг тадбир иштирокчиларига ош тортилди ҳамда Қуръон тиловати қилиниб, дуога қўл очилди.

 

 

ЎМИ матбуот хизмати

Read 3174 times

Янгиликлар

Top