Ўзбекистон янгиликлари

Ибодат завқини чин юракдан ҳис этдик

Бу йил етти мингдан зиёд юртдошларимиз ҳаж амалларини адо этишди. Улар дунёдаги миллионлаб диндошлари қатори Ислом нозил бўлган табаррук юртга бориб, зиммаларидаги Аллоҳнинг фарзини бажариб қайтишди. Ҳукуматимиз уларнинг ибодатлари динимиз талабларига мувофиқ, қийинчиликсиз ва талафотларсиз ўтиши учун ҳамма ишни қилиб берди.

Ҳаж мусулмоннинг иродасини, ихлосини, тақвосини, иймонини имтиҳон қилувчи масъулиятли ва машаққатли ибодатдир. Ҳаж Аллоҳнинг розилигини топиш, Ундан гуноҳлар мағфиратини сўрашнинг энг қулай имкониятидир. Ҳаж тавба-тазаррунинг, покланишнинг, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ва Унинг жаннатига эришишнинг воситасидир. 

Шундай экан, юртдошларимиз, бу ибодатнинг файзини, шукуҳини, моҳиятини чин дилдан англашга бор куч-ғайратларини сарфлашди. Эндиликда ҳаётларини шунга муносиб равишда давом эттиришга аҳд қилишди.

Мана шундай ибодат завқини чин юракдан ҳис этган Наманган вилояти 15-гуруҳи ҳожилари ихлос билан ибодат қилишлари йўлида яратилган барча шарт-шароитлар учун муҳтарам Президентимизга, мутасадди кишиларга ва гуруҳ раҳбарига ўз миннатдорликларини изҳор қилишди ҳамда қалбларининг энг тўридаги самимий дуоларини Байтуллоҳ атрофида қилишди. 

Биз ҳам барча ҳожиларнинг ҳажлари мабрур, ибодатлари мақбул бўлишини Аллоҳдан сўраймиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3072 times
Tagged under

Янгиликлар

Top