Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари халқаро анжуманда иштирок этиш учун Бишкек шаҳрида бўлиб турганлари ҳақида маълум қилган эдик.
Муфтий ҳазратларининг ташрифлари қирғизистонлик мусулмонларнинг қалбларини қувончга тўлдирди. Буни Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси Мақсадбек Тўхтамишев Усмонхон Алимовга икки томонлама учрашув вақтида маълум қилди. Қирғизистон муфтийси Ўш вилояти мусулмонлари муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан учрашишга муштоқ эканликларини ҳам қайд этиб ўтди. Ёши улуғ оқсоқоллар учрашиш учун Бишкекка кела олишмаганини, имконият пайдо бўлганда Ўшга ташриф буюришларини таклиф қилишгани айтилди.
Муфтий ҳазратлари Қирғизистон муфтийсига кўрсатилган эҳтиром, юқори савияда ўтказилган халқаро анжуман учун миннатдорлик билдирдилар.
Бундан ташқари, ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими мудири М.А.Шокировнинг маълум қилишича, Россия мусулмонлари диний идораси раиси Равил Гайнутдин билан ўтган учрашув сўнггида Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларини жорий йилнинг декабрь ойи биринчи ўн кунлигида Францияда ўтказиладиган конференцияга таклифнома тақдим этилган.
Россия муфтийси европалик мусулмонлар Марказий Осиё, Россия, Озарбайжон мусулмонлари бир бирлари билан иноқликда, аҳил яшашларига юқори баҳо беришини билдирганларини ҳамда бу тўғрисида Европа минбарларида маъруза қилишлари лозим эканини айтиб ўтди. Бунга қандай эришилганини билишга қизиқаётганликларини таъкидлади.
Мамлакатларимиз орасида ҳамкорлик янги йил тақвимларини бамаслаҳат, Ҳайит ва Рамазон ойи саналарининг биргаликда тузилганида ва бошқа кўплаб учрашувларда намоён бўлади.
Жорий йилдаги Ҳаж мавсумида Минода озарбайжон, қозоқ, қирғиз, ўзбек, тожик ҳаж делегацияларининг учрашиб бир-бирларини табриклаганликлари, суҳбатлар ташкил этилгани ҳам бу ҳамкорликнинг яққол далили экани таъкидланди.
Учрашувда зиёрат туризмини оммалаштириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Қирғизистонликларнинг зиёрат мақсадида келаётганликлари соҳадаги ишлар яхши йўлга қўйилгани англатади.
Муфтийлар ўзаро ҳадялар алмашишди.
ЎМИ Матбуот хизмати