Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фонди

“Жамиятда миллатлараро бағрикенглик, тинчлик, ўзаро меҳр-оқибат ва дўстлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни рағбатлантириш” мавзуида давлат грантлари ажратиш учун танлов

ЭЪЛОН ҚИЛАДИ


Танловга нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг қуйидаги ижтимоий мақсадларни амалга оширишни назарда тутган лойиҳалари қабул қилинади:

1. Ўзбекистон халқларининг номоддий маданий меросини (халқ бадиий ҳунармандлиги ва амалий санъати, фолкьлор ёдгорликлари, миллий байрамлар, фестиваллар, миллий таомлар ва бошқалар) хорижий аудитория ўртасида оммалаштириш.

2. Жамиятда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришда фуқаролик жамияти институтларининг аҳамияти ва нуфузини ошириш.

3. ЮНЕСКОнинг умумжаҳон маданий мероси объектларига киритилган, мамлакатнинг меъморчилик ва тарихий ёдгорликлари, миллий маданият, санъат ва адабиётнинг ёрқин тимсоли бўлган намуналар тўғрисидаги маълумотларни чет тилидаги махсус манбалар орқали интернет тармоғида тарғиб қилиш.

4. Ўзбекистон халқларининг тарихи ва маданиятини оммалаштириш, унинг тарихий-маданий меросига, такрорланмас гўзаллиги ва хилма-хиллигини тарғиб этишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш.

5. Ўзбекистонда яшаб келаётган турли миллат ва элатларнинг азалий миллий анъаналари, урф-одатлари, удумларини сақлаш борасида амалга оширилаётган тадбирлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш.

6. Интернет тармоғида миллий анъаналар, урф-одатлар ва удумларни асрашга бағишланган ўзбек, рус ва инглиз тилидаги махсус манбаларни яратиш.

7. Миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, бирдамликни янада мустаҳкамлаш, конфессиялараро тотувликни таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини оширишга кўмаклашиш.

8. Маданий меросни сақлаш, аҳоли ўртасида маданий меросга бўлган муносабатни янада юксалтириш, уларни келажак авлодга бекаму кўст етказиш ва маданий меросга бўлган муносабатни шакллантириш борасида тарғибот ишларини олиб бориш.

9. Турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги тотувликни таъминлаш тажрибасини оммалаштириш, тарғиб қилишга бағишланган китоблар, тўпламлар, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар тайёрлаш.

10. Юртимизда яшаётган барча миллат ва элатлар, ижтимоий тоифа вакиллари ўртасида “Мен нечун севаман, Ўзбекистонни!” шиори остида танловлар ташкил этиш.

11. Миллий маданий марказлар томонидан мамлакатимизнинг эркин демократик тараққиётини акс эттирувчи турли хилдаги тўпламлар, ижодий ишларни чоп этиш ва халқ оммасига етказишда ҳар томонлама кўмаклашиш.

12. Турли миллат ва элат вакилларининг ўзига хос миллий анъаналари, урф-одатлари ва маросимларини сақлаш бўйича мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида халқаро жамоатчиликни хабардор қилиш.

13. Тарихий ёдгорликлар ҳақида кенг тарғибот ишларини амалга ошириш, маданий меросларни асраш бўйича давлат органлари билан ННТлар ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини кучайтириш.

Давлат гранти танловида иштирок этиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

1. Ташкилот раҳбари томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган кузатув хати.

2. www.fundngo.uz веб-сайтида жойлаштирилган шаклда тўлдирилган давлат гранти лойиҳаси учун ариза.

3. Давлат рўйхатидан ўтказилган Устав (Низом) ҳамда гувоҳноманинг муҳр билан тасдиқланган нусхаси.

4. Агар лойиҳани амалга ошириш лицензияланадиган фаолиятни талаб қилса, унда лицензиянинг нусхаси тақдим этилади.

5. Манфаатдор давлат ва йирик жамоат ташкилотлари билан тузилган ижтимоий шериклик қўшма режалари илова қилиниши мумкин.

Битта лойиҳа учун давлат гранти миқдори – 30 миллион сўм.

Ҳужжатлар 2018 йил 17 сентябрдан 22 октябргача қабул қилинади.

Ҳужжатлар “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фонди” номига:

100163, Тошкент шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 43-уй манзилига “Ўзбекистон почтаси” орқали муҳрланган конвертда (А4 форматда) юборилиши шарт.

Ҳужжатлар намуналари билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фондининг www.fundngo.uz расмий веб-сайтида танишиш мумкин.

Маълумот учун телефонлар: (0371) 239-26-76, 239-26-86.

 

UzA

Read 3752 times

Янгиликлар

Top