2017 йилнинг сентябрь ойида Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Хастимом мажмуасига ташриф буюриб, мусулмонлар идораси раҳбарияти, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари билан учрашган эди.
Учрашув чоғида Ҳаж масаласига ҳам тўхталиб: “Ҳажга бориб келган ҳар бир фуқаро маънавият тарғиботчиси бўлиши керак. У Худодан қўрқиши, бандасидан уялиши керак. Адолат мезони биринчи галда унда бўлиши керак, қўшниси Ватанга муҳаббат, ишга муносабат, фарзанд тарбияси масаласида энди ундан ўрнак олиши керак”, деган фикрни билдирган эди.
Давлатимиз раҳбари таклифларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг Ҳаж ҳақида фатвоси эълон қилинган эди. Ушбу фатвода Ҳаж зиёратини адо этиш, унга номзодларни саралаш тартиблари баён этилган эди.
Фатвода юртимиз ҳожиларини зиёратдан қайтгандан сўнг маҳалла равнақи, фарзандлар тарбиясида иштирок этишлари тавсия қилинган эди. Ушбу ишлар ижроси юзасида вилоят вакилликлари томонидан ишлар бошлаб юборилди.
Жорий йилда Ҳаж зиёратини адо этиб қайтган юртдошларимизнинг жамият ҳаётидаги фаолликларини таъминлаш мақсадида, уларнинг жойлардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш ва диний вазиятни соғломлаштиришда мутасаддиларнинг фаоллигини ошириш мақсадида Самарқанд вилоятининг барча туман-шаҳарларида аҳоли билан суҳбатлар ташкил этилиши режаси ишлаб чиқилди.
Унга кўра, вилоят ишчи гуруҳи ташкил этилиб, МФЙ раислари, ҳожилар ва маҳалла фуқароларининг суҳбатларда иштироки таъминланган.
ЎМИ Матбуот хизмати