Малайзиялик диний уламолардан иборат делегация Ўзбекистонга келгани ҳақида аввалроқ хабар берган эдик.
Малайзиянинг Перлис штати муфтийси Мохд Асри Бин Зайнул Абидин бошчилигидаги диний уламолардан иборат делегация шу кунларда Юртимизда меҳмон бўлиб турибдилар ҳамда Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилмоқдалар.
Шундай ташрифлардан бири Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юртига амалга оширилди.
Мадрасага келган малайзиялик меҳмонларга диний таълим тизими, дарс жараёнлари, талабаларнинг яшаш шароитлари, ўқув режасига киритилган фанлар, устозлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Бу эса меҳмонларга таълим муассасаси фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятини яратди.
Маълумот учун, ташрифдан кўзланган мақсад Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, малайзиялик сайёҳларнинг зиёрат туризми йўналишида Ўзбекистонга мунтазам ташрифини йўлга қўйишдир.
Мутахассислар фикрича, малайзиялик диний уламоларнинг ташрифи мамлакатда зиёрат туризмини жадал ривожлантириш, бу соҳада идоралараро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, Ўзбекистонга келаётган малайзиялик сайёҳлар сонини янада кўпайтиришга хизмат қилади.
ЎМИ Матбуот хизмати