Ўзбекистон янгиликлари

Истанбул шаҳридаги халқаро конференцияда вакилларимиз иштирок этди

20-21 сентябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров, Халқаро ислом академияси ректори Ш.Ёвқочев таркибидаги делегация Туркиянинг Истанбул шаҳрида фаолият юритаётган Ибн Холдун номидаги университетда ўтказилган “XXI аср таҳдидлари ва ислом маърифати ғоялари” мавзусидаги халқаро конференция ишида иштирок этдилар.
Конференция Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Халқаро ислом академияси, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси, Истанбулдаги Ибн Холдун университети, Ислом Ҳамкорлиги Ташкилоти Ислом маданияти ва тарихини тадқиқ қилиш маркази (ИРСИКА) иштирокида ташкил қилинди.
Ҳозирги кунда мусулмон оламини Аллоҳнинг буйруқларига зид равишда қамраб олаётган тафриқа, яъни фирқаларга бўлиниш, унинг натижасида исломнинг тинчлик, эзгулик, бунёдкорлик моҳиятига зид қарашларнинг ёйилиши конференция қатнашчилари томонидан аср таҳдидлари дея баҳоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг “Жаҳолатга қарши маърифат” ташаббуси, Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, XXI аср вабоси дея ном олган экстремизм ва терроризмга қарши ислом маърифати ёрдамида кураш мавзуларидаги маърузалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Конференция ниҳоясида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Туркиянинг Ибн Холдун универститети қошидаги Цивилизацияларни қиёсий ўрганиш институти ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.


ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3081 times

Янгиликлар

Top