Ўзбекистон янгиликлари

Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг йўқолган асарларидан бири топилди

Туркиядаги қадимий музейлардан бирида изланиш олиб бораётган Термиз давлат университетининг илмий тадқиқотчиси Жўрабек Чўтматов буюк мутаффаккир Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн ал-Ҳасан ибн Башир ал-Ҳаким ат-Термизийнинг бугунгача “мафқуд”, яъни “йўқолган” деб келинган асарини топди. Асар Қуръондаги Фотиҳа ва Бақара сурасининг шарҳига бағишланган. Бу ҳақда Turon24 нашри хабар берди.

Топилган янги қўлёзма Мовароуннаҳрда Қуръон шарҳига бағишланган илк асар сифатида баҳоланмоқда. Ҳозирда мазкур асарни дунё тадқиқотчилари эътиборига ҳавола этиш учун араб тилида чоп этиш ишлари бошланган. Сўнгра ўзбек тилида нашрга тайёрланади.

Мисрлик олим шайх Абдулфаттоҳ Абдуллоҳ Бараканинг таъкидлашича, Термизий тўрт юздан ортиқ китоб ёзган бўлиб, улардан олтмишга яқини бизгача етиб келган. Алломанинг асарлари Париж, Қоҳира, Дамашқ, Искандария, Истанбул ва Лондон каби шаҳарлардаги қўлёзмалар жамғармаларида сақланади.

Тарих фанлари номзоди Жалолиддин Мирзаевга кўра, Ал-Ҳаким ат-Термизий юртимизда тасаввуф ва тафсир илмининг ривожланишини бошлаб берган қомусий олим саналади. Алломанинг Термиз шаҳри яқинида жойлашган мақбараси устида ўрнатилган қабртошдаги битикларда унинг вафот этган санаси ҳижрий 255 (милодий 869) деб ёзилган. Мутафаккир олимнинг 120 йил умр кўргани эътиборга олинса, аллома саккизинчи асрнинг ўрталарида (тахминан 750-760 йиллар оралиғида) таваллуд топган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2290 times

Янгиликлар

Top