Соҳадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, ходимларнинг илмий салоҳияти, ташаббускорлигини ошириш, соғлом рақобат муҳитини юзага келтириш, касбий малака, маҳорат, билим ҳамда кўникмани оширишда кўрик-танловлар алоҳида аҳамият касб этади.
Шу боисдан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан ҳар йили юртимиздаги жоме масжидлар имом-хатиблари ўртасида «Йил имом» танлови ўтказиб келинади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жорий йил 10 сентябрдаги буйруғига асосан «Йил имоми» танлови негизида «Энг маърифатли имом» танловини ўтказиш белгиланди.
– Танловни ўтказишдан мақсад– бугунги тараққиёт талабларига жавоб берадиган, илмий салоҳияти юқори, касбий маҳорат соҳиби, ташаббускор, илғор фикрли, инновацион ғояларни ўзида жамлаган, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган, энг муҳими, юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган улкан ташаббусларни кенг халқ оммасига етказиш қобилиятига эга имом-хатибларни аниқлаш ва уларни муносиб рағбатлантиришдан иборат, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Салимжон Қодиров,
Танловнинг қуйи, яъни туман (шаҳар) босқичлари жорий йилнинг сентябрь ойида республикамизнинг барча ҳудудларида уюшқоқлик билан ташкил этилди.
...Эрта тонг. Ҳали қуёш осмон каҳкашонига нур сочмасдан бурун Қувасой шаҳридаги «Ислом» жоме масжиди мўмин-мусулмонлар билан гавжум. Маърифат маскани байрамона безатилган. Масжид ҳовлиси пештоқига муқаддас динимизнинг асосий манбаи – Каломуллоҳ оятлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг илмни тарғиб этувчи муборак ҳадислари илинган. Танловга ташриф буюраётган одамларнинг юзу кўзларида қувонч балққан, пешоналаридан нур томган. Қувончки, юртимиздаги тинчлик-хотиржамликдан, осойишталикдан баҳра олган. Нурки, Қуръони карим таровати, Ислом зиёсидан таралган...
Танловнинг Фарғона вилояти босқичи бугун, 10 октябрь куни Қувасой шаҳридаги «Ислом» жоме масжидида ўтказилди. Анъанага кўра, танлов Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Танловнинг Фарғона вилояти туман ва шаҳарларида биринчи ўринни қўлга киритган 19 нафар имом-хатиб, имом ноибларини қўллаб-қувватлаш, ўзининг илму маърифатини юксалтириш мақсадида масжидга келганлардан бирини суҳбатга чорлаймиз
– Бугунги саодатли кунларга қанча шукроналар айтсак – кам, – дейди ўзини Фазлиддин Салимов деб таништирган юртдошимиз. – Яқиндагина муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан юртимизда Қуръон мусобақаси кўтаринки руҳда ташкил этилган эди. Қаранг, мана бугун «Энг маърифатли имом» танловига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу, албатта, юртимизда ҳукм сураётган тинчликнинг, осойишталикнинг шарофати. Бунинг қадрига етишимиз керак.
Суҳбатдошимиз сўзини тугатар-тугатмас масжид ичкарисидан яна Аллоҳнинг каломи янграйди. Бутун вужудимиз қулоққа айланиб, илоҳий каломни тинглаймиз:
اعوذ با لله من الشيطان الرجيم
بسم الله الرحمن الرحيم
{ يَرْفَعِ اللهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنْكُمْ وَ الَّذِينَ اُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ }
яъни: «Аллоҳ таоло сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларнинг даражаларини улуғ қилиб қўяди» (Мужодала сураси, 11-оят).
Танлов иштирокчиларидан бири Аллоҳ таолонинг мазкур ояти каримасини тиловат қилиб, унинг тафсири ва нозил бўлиш сабабларини сўзлаб берди. Бу танловнинг биринчи шарти бўлса, иккинчи шарти – билетда кўрсатилган оятни ўқиб, тажвид қоидаларини айтиб бериш; учинчиси, Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг “Фиқҳул акбар” китобидан бирор матн ўқиб, уни таржима қилиб бериш; тўртинчи шарт эса, билетда кўрсатилган ҳадисни ўқиб, унинг маъносини айтиб бериш; бешинчиси, фиқҳга оид саволга жавоб қайтариш; олтинчиси, “Мухтасарул виқоя” китобининг матнини ўқиб, шарҳлаб беришдан иборат.
Танлов қизғин давом этарди. Иштирокчилар бирин-кетин саҳнага чиқиб, ўзларининг билим ва савияларини синовдан ўтказишди.
...Ниҳоят барча орзиқиб кутган ҳаяжонли дақиқалар етиб келди. Ҳакамлар ҳайъатининг якдил хулосасига кўра, биринчи ўрин Марғилон шаҳридаги «Худоёр ҳожи» жоме масжиди имом ноиби Абдувоҳид Аҳмадалиевга насиб этди.
Иккита иккинчи ўринга эса Фарғона туманидаги «Ҳувайдо» масжиди имом-хатиби Давронбек Усмонов ҳамда Тошлоқ туманидаги «Абу Ҳанифа» жоме масжиди имом ноиби Абдужаббор Мадраҳимовга лойиқ кўрилди.
Иккита учинчи ўрин Данғара туманидаги «Муҳаммад Саид хўжа» жоме масжиди имом-хатиби Шерзод Аҳмедов ва Учкўприк туманидаги «Шоҳ Муқаддам» жоме масжиди имом-хатиби Жалолиддин Маматқулов муносиб топилди.
Шунингдек, «Энг маърифатли имом» танловининг Фарғона вилояти босқичида “Энг тарғиботчи имом”, Энг таъсирли ижодий иш”, “Энг хушовоз муаззин”, “Энг ишбилармон мутавалли”, “Энг миришкор боғбон”, “Энг намунали таҳоратхона”, “Энг замонавий қоровулхона”, “Энг бой кутубхона” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
«Энг маърифатли имом» танловининг Фарғона вилояти босқичида биринчи ўринни қўлга киритган имом шу йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган республика босқичида иштирок этади.
Танловнинг вилоят босқичлари давом этади.
Толибжон НИЗОМОВ.
Фарғона вилояти Қувасой шаҳридан
muslim.uz портали учун махсус.