Ўзбекистон янгиликлари

Навоий вилоятида энг маърифатли имом-хатиб аниқланди

Имом-хатибларнинг илмий салоҳияти, ташаббускорлигини ошириш, касбий малака, маҳорат, билим ҳамда кўникмани зиёда қилишда кўрик-танловлар алоҳида аҳамият касб этади.

Шу боисдан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан ҳар йили юртимиздаги жоме масжидлар имом-хатиблари ўртасида «Йил имоми» танлови ўтказиб келинади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жорий йил 10 сентябрдаги буйруғига асосан «Йил имоми» танлови негизида «Энг маърифатли имом» танловини ўтказиш белгиланди.

– Танловни ўтказишдан мақсад – бугунги тараққиёт талабларига жавоб берадиган, илмий салоҳияти юқори, касбий маҳорат соҳиби, ташаббускор, илғор фикрли, инновацион ғояларни ўзида жамлаган, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган, энг муҳими, юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган улкан ташаббусларни кенг халқ оммасига етказиш қобилиятига эга имом-хатибларни аниқлаш ва уларни муносиб рағбатлантиришдан иборат, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Навоий вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Тоҳиржон Рўзиев.

Танловнинг қуйи, яъни туман (шаҳар) босқичлари жорий йилнинг сентябрь ойида республикамизнинг барча ҳудудларида уюшқоқлик билан ташкил этилди. Танловнинг Навоий вилояти босқичи бугун, 17 октябрь куни Навоий шаҳридаги «Ҳазрати Алишер Навоий» жоме масжидида ўтказилди. Анъанага кўра, танлов Қуръони карим тиловати билан бошланди.

Танловда Навоий вилояти туман ва шаҳарларида биринчи ўринни қўлга киритган 17 нафар имом-хатиб иштирок этди.

Танловнинг биринчи шарти Қуръони карим тиловат қилиб, унинг тафсири ва нозил бўлиш сабабларини сўзлаб бериш бўлса, иккинчи шарти – билетда кўрсатилган оятни ўқиб, тажвид қоидаларини айтиб бериш; учинчиси – Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг “Фиқҳул акбар” китобидан бирор матн ўқиб, уни таржима қилиб бериш; тўртинчи шарт эса, билетда кўрсатилган ҳадисни  ўқиб, унинг маъносини айтиб бериш; бешинчиси – фиқҳга оид саволга жавоб қайтариш; олтинчиси – “Мухтасарул  виқоя” китобининг матнини ўқиб, шарҳлаб беришдан иборат бўлди.

Ҳакамлар ҳайъатининг якдил хулосасига кўра, биринчи ўрин Нурота туманидаги «Янгитурмуш» жоме масжиди имом-хатиби Мубинов Жамолиддинга насиб этди. Иккинчи ўринга эса Кармана туманидаги «Қосим шайх» масжиди имом-хатиби Юнусов Мустафо, учинчи ўринга Хатирчи туманидаги «Шайх Гадой Селкин» жоме масжиди имом-хатиби Хакимов Бектош муносиб топилди.

Шунингдек, «Энг маърифатли имом» танловининг Навоий вилояти босқичида “Энг тарғиботчи имом” йўналишида Навоий шаҳридаги “Оқтош” жоме масжиди имом-хатиби Дилшод Эргашев, “Энг таъсирли ижодий иш” йўналишида Кармана туманида “Жалойир” жоме масжиди имом-хатиби А.Хакимов, “Энг ишбилармон мутавалли” йўналишида Навбаҳор туманидаги “Хон хўжа Эшон бобо” жоме масжиди мутаваллиси Б.Эрназаров, “Энг миришкор боғбон” йўналишида Қизилтепа туманидаги “Азизобод” жоме масжиди боғбони У.Хақназаров, “Энг намунали таҳоратхона” йўналишида Хатирчи туманидаги “Имом Аъзам” жоме масжиди, “Энг фаол имом” йўналишида Учқудуқ туманидаги “Қизилқум” жоме масжиди имом-хатиби А.Турдиев, “Энг бой кутубхона” йўналишида Қизилтепа туманидаги “Тошмасжид” жомеси имом-хатиби Ж.Рахматов ғолибликни қўлга киритдилар.

«Энг маърифатли имом» танловининг Навоий вилояти босқичида биринчи ўринни қўлга киритган имом шу йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган республика босқичида иштирок этади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Навоий вилоят вакиллиги

Read 3031 times

Янгиликлар

Top