Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат “Ал-Ақсо” масжиди имомини қабул қилди

Кеча, 23 октябрь куни Қуддус шаҳридаги “Ал-Ақсо” масжиди имом-хатиби Юнус Салоҳ Одил бошчилигидаги делегацияни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қабул қилди.
Учрашувда муфтий ҳазратлари меҳмонларнинг ташрифи билан қутлаб, мамлакатимизнинг ушбу муқаддас диёр билан алоқалари ривожланиб бораётгани ҳақида сўзлаб бердилар. Масжидул Ақсо мўмин-мусулмонлар учун Макка ва Мадина шаҳарларидаги Масжидул Ҳаромлардан кейинги учинчи улуғ қадамжо ҳисобланиши тўғрисидаги нодир маълумотларни баён қилдилар.
Юнус Салоҳ Одил жаноблари мана шундай улуғ алломалар етишиб чиққан табаррук Ўзбекистон заминини зиёрат қилганидан бахтиёр эканини изҳор қилди. Меҳмон сафар давомида олган тассуротларини ўз халқига сўзлаб беришини ва уларни бу диёрларни ҳам зиёрат қилишга чорлашини таъкидлади. Ўз навбатида ўзбекистонликларни ҳам Қуддуси шариф зиёратига таклиф этди.
Шунингдек, учрашувда зиёрат туризмини ривожлантириш ва икки давлат уламолари ҳамкорлигини йўлга қўйиш борасида фикр-мулоҳазалар алмашилди.

 

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2847 times

Янгиликлар

Top