Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда нақшбандия туризм фестивали бўлиб ўтади

Бугунги кунда юртимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дунёга машҳур гўзал шаҳарларимизда туризм инфратузилмасини барпо этиш, меҳмонлар учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш, республикамизнинг туризм салоҳиятини замон талаблари даражасига олиб чиқиш ва туризм брендини яратиш йўлини тинимсиз изланишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 7–14 ноябрь кунлари Ўзбекистонда Малайзиянинг “Умумжаҳон Сўфийлар ташкилоти” ташаббуси билан “Hilal travel” сайёҳлик ташкилоти ҳамкорлигида ҳамда бевосита Вазирлар Маҳкамаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Ўзбекистон Мусулмонлар идораси, шунингдек Ташқи ишлар вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида зиёрат туризми йўналишида “Нақшбанд туризм фестивали – 2018” номли халқаро тадбир ўтказилиши режалаштирилган.

Сўнгги пайтларда республикамизда Давлатимиз раҳбарининг бевосита кўрсатмаларига мувофиқ туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани ҳаммага маълум. Ушбу йирик тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам Ўзбекистондаги зиёрат туризми имкониятларини дунёга намоён этишдир. Ўз навбатида, Ўзбекистондан етишиб чиққан ислом дунёсининг йирик намоёдалари, инсоният тамаддунияга улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбандий каби буюк алломаларимизнинг табаррук қадамжоларига мухлис сайёҳларни кенгроқ жалб қилишдан иборатдир.

Фестивалда Нақшбандия тариқатининг 170 дан зиёд вакили, хусусан, Малайзия, Индонезия, Туркия, Буюк Британия, Янги Зеландия, Хитой, Ҳиндистон, Австралия, АҚШ, Замбия ва бошқа мамлакатлардан меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.

Зиёрат дастури доирасида меҳмонлар Бухоро ва  Самарқанд шаҳарларининг эътиборга молик муқаддас қадамжоларида бўлишади. У ердаги мажмуаларни зиёрат қилишади.

Меҳмонлар Самарқанддан сўнг пойтахтдаги Ҳазрати Имом мажмуаси ва Ўзбекистон Мусулмонлар идорасига ташриф  буюришади.

Шунингдек, фестиваль меҳмонларининг кун тартибидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан бунёд этилаётган “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” номидаги мажмуа ҳудудига ташриф ҳам ўрин олган.

Ўйлаймизки, «Hilal travel» туристик ташкилоти томонидан ташкиллаштираётган мазкур халқаро тадбир, юртимизда зиёрат туризми ривожига ўз ҳиссасини қўшишига ишонамиз.

 

Манба:  Islom.uz портали таҳририяти

Read 2562 times

Янгиликлар

Top