Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонлик зиёратчилар Умра зиёратида

Юртимиз мустақилликка эришгач, диний қадриятлар тикланди. Соф Ислом динига бўлган муносабат, қарашлар ҳам асл ҳолига қайтди. Муқаддас динимизнинг улуғ ибодатлари бўлган Ҳаж ва Умра ибодатларини фуқароларимиз томонидан адо этиш борасида ҳам йилдан йилга ислоҳатлар амалга оширилмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан жорий йилдан эътиборан юртимиздан муборак Умра ибодатларини адо этиш учун борадиган фуқароларимизнинг сони борасидаги чекловлар олиб ташланганлиги, Умра ибодатига борувчилар энди аввалгидек фақат йилнинг баҳор фаслида ёки Рамазон ойидагина эмас, балки бутун йил давомида Умра ибодатларига боришлари мумкин бўлди.

Авваллари муборак сафарга борувчиларга бундай қулай шароитлар бўлмаган. Муборак сафарга бориш учун йиллар давомида навбатда турилган. Саудия Арабистони меҳмонхоналаридаги шароитлар, автобусларда зиёратчиларни ташиш, қўйинки Муқаддас зиёратни амалга ошириш учун юртдошларимиз жуда катта қийинчиликларга дуч келар эди.

Хозирда эса, юртимиздан Умра сафарига борган юртдошларимиз Мадинаи Мунаввара шаҳрида беш юлдузли “Pullman Zamzam Madina Hotel” меҳмонхонаси ва Маккаи Мукаррама шаҳрида 4 юлдузли “Al Kiswah Hotel Towers” меҳмонхоналарида истиқомат қилмоқдалар. Зиёратчиларимизга тажрибали ишчи гуруҳи, малакали шифокорлар ҳамда юртимиздан борган моҳир ошпазлар ҳам хизмат кўрсатмоқдалар.

Улар томонидан зиёратчилар учун швед столи шаклида лаззатли овқатлар тайёрланмоқда.

 

 

Аввалари зиёратчилар ўзлари учун ажратилган соатни кутиб туришар, ошхоналарда навбат кутиб овқат олишар, шу билан бирга анча қийинчиликларга дуч келган эдилар.

Ушбу меҳмонхоналар икки Ҳарамга ҳам жуда яқин жойда жойлашган бўлиб,. Зиёратчиларни Ҳарами шарифга олиб бориш учун куну-тун давомида энг сўнги русумдаги микроавтобуслар ташкил қилинганлиги ўз навбатида юртимиздан борган зиёратчиларни беш вақт намозларини Ҳарами шарифда ўқишлари учун имкон беради дегани.

Бундан эса зиёратчиларнинг кўнгиллари тўлаётганлигини ҳам кўришимиз мумкин.

Макка шаҳри меҳмонхонасида зиёратчиларимиз икки кишилик хоналарда истиқомат қилишмоқда. Авваллари эса меҳмонхоналардан тўрт кишиликдан бошланиб, ўн икки кишилик хоналарда ҳам истиқомат қилишган. Меҳмонхоналарда қатъий равишда эркаклар алоҳида, аёллар эса алоҳида хоналарда истиқомат қилишган. Бу эса жуда катта қийинчилик туғдирарди. Хозирда эса зиёратчиларимиз меҳмонхоналарда маҳрами билан, яъни эр-хотин ёки она-бола бўлса битта хонада ётишлари учун шароитлар муҳайё қилинган. Бу эса ўз навбатида отаси ёки онаси билан бирга келган зиёратчиларимиз ота-оналарининг хизматларида бўлишиб, уларнинг дуоларини олишга мушарраф бўлмоқдалар. Бу эса неча йиллардан бери амалга ошмай келаётган ишлардан бири эди.

Муборак Умра зиёратига борган юрдошларимиз Маккаи Мукаррама шаҳридаги меҳмонхонага келганларида уларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни мадҳ этувчи турли ҳил нашидалар билан кутиб олинаётганлиги, уларнинг пойига гуллар сепилаётганлиги, уларга юксак эътибор ва эҳтиром кўрсатилаётганлигидан беҳад киши кўзига ёш келади. Маккаи Мукаррама шаҳридаги меҳмонхонада зиёратчиларимизга кўрсатилган юксак эътибордан зиёратчиларимизнинг кўзларидан ёш келмоқда.

Аслида ҳам мана шундоқ бўлиши ҳам керак эдида. Зеро Аллоҳ таъолонинг байтини зиёратига борган одам Аллоҳнинг меҳмони бўлади. Аллоҳнинг меҳмонларига эса шундай иззат ва ҳурмат кўрсатилиши керак.

Мадинаи Мунавварада юртдошларимиз Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Равзаи мутоҳҳараларида зиёрат ва ибодатларда бўлмоқда. Шунингдек, улар Мадинаи Мунавварада Қубо ва Қиблатайн масжидлари, Ухуд тоғи зиёратларида ҳам бўлишмоқда.

Ушбу муқаддас жойларда зиёратчилар Ислом дини тарихидаги ибратли воқеаларни эшитиб, дуои-хайрларда ҳам жам бўлмоқдалар.

Маккаи Мукаррамада эса, оппоқ эҳромлар ила муборак Умра амалларини бажариб, муқаддас Каъбаи Муаззамада ибодатларда қоим бўлмоқдалар.

Бу муқаддас жойда Раҳмат тоғи (Арофот), Нур тоғидаги Ҳиро ғори, Савр тоғидаги ғор ва динимиз тарихидаги диққатга сазовор бўлган масканларни ҳам зиёрат қилмоқдалар.

Юртимиздан борган зиёратчиларимизга кўрсатилаётган юксак эҳтиромдан жуда мамнун эканлигини уларнинг кўзларидан кўриш мумкин.

Улар доимо ибодатларида, дуоларида Юртбошимиз томонидан амалга оширилаётган бундай ислоҳатлар, кўлга киритилаётган ютуқлар, халқнинг ғамини ҳамма нарсадан устун қўйиши оқибатида муборак зиёратларнинг яхши шароитларда ташкил қилинаётганлигидан хурсанд бўлиб, дуои-хайрлар қилмоқдалар.

Аллоҳ таъоло юртимиздан борган барча юртдошларимизнинг ибодатларини Ўзи даргоҳида қабул айласин. Юртбошимизни тинч ва саломат қилсин. Доимо халқ дардига малҳам бўлиб, юрт равнақига равнақ қўшиб юришликнинг Аллоҳни ўзи нисиби рўзи айласин.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2790 times

Янгиликлар

Top