Ўзбекистон янгиликлари

Халқаро фестивал иштирокчилари Диний идора ва Хастимомга келди

Бухорода ўтказилган “Нақшбанд туризм фестивали” халқаро тадбири иштирокчилари жорий йилнинг 11 ноябрь куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрганлари ҳақида маълум қилган эдик.

Дунёнинг 18 та давлатидан ташриф буюрган 160 га яқин меҳмон Имом ал-Бухорий мажмуаси, Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳамда Шоҳи Зинда мажмуаларини зиёрат қилдилар.

Бугун, 13 ноябрь куни халқаро фестивал иштирокчилари Тошкент шаҳридаги Хастимом мажмуасини зиёрат қилдилар. Уларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масъул ходимлари ҳамроҳлик қилдилар. Меҳмонлар дастлаб Хастимом мажмуасида жойлашган Мусҳафи шарифни кўришга таклиф қилинди ва уларнинг кўпчилиги ўзларининг миннатдорликларини намоён этдилар.

Нақшбандия тариқати намоёндалари билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мажлислар залида учрашув ўтказилиб, унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов меҳмонларни қабул қилди. Учрашувда юртимизда амалга оширилаётгн ислоҳатлар, зиёратчилар учун яратилган шароитлар хусусида маълумотлар берилди.

Меҳмонлар мусулмон оламида машҳур алломалар, тасаввуф намояндалари, Нақшбандия тариқати асосчилари ватани бўлган заминни зиёрат қилганликларини орзулари ушалгани билан тенглаштирдилар.

Маълумот учун, жорий йилнинг 7 ноябрида “Нақшбанд туризм фестивали – 2018” халқаро фестивали бошланган эди. Ушбу фестивал иштирокчилари Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларидаги зиёратгоҳларни зиёрат қилдилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2324 times

Янгиликлар

Top