Ўзбекистон янгиликлари

Самарқанддаги Арчаота зиёратгоҳи маданий мерос объекти рўйхатига киритилиши мумкин

Ургут туманидаги яна учта манзил маданий мерос объекти рўйхатига киритилиши мумкин. Вилоятдаги маданий мерос объектларини инвентаризациядан ўтказиш ва уларнинг ҳолатини ўрганиш борасида Ургут тоғларидаги Омонқўтон ғори, Қўшработ тумани “Бозоржой” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Арчаота зиёратгоҳи ва ушбу ҳудуднинг ўзи ўтмиши ва хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда қўшимча объект сифатида рўйхатга олинди. Бу ҳақда Миллий Тикланиш партияси матбуот хизмати маълум қилди.

Омонқўтон ғорини ўрганиш давомида ғорда қадимги даврда қоятошларга ўйиб чизилган кийик ва одам расмлари борлиги маълум бўлган. Шунингдек, Арчаота зиёратгоҳи олдин масжид бўлгани айтиб ўтилган. Аммо у табиий омиллар таъсирида бузилиб кетган. Шу ҳудудда яшовчи аҳоли ҳашар йўли билан масжидни қисман тиклаган, бироқ ишлар охирига етмаган. Айни пайтда маҳаллий аҳолининг оғзаки маълумотлари асосида Арчаота зиёратгоҳининг тарихи ва ўзига хослиги ҳақида рисола нашрга тайёрланмоқда.

Бугунги кунда Ургут туманида рўйхатга олинган маданий мерос объектларининг умумий сони 144 тани ташкил этади. Шулардан 117 таси археологик тепалик, 22 таси архитектура ёдгорлиги, 5 таси диққатга сазовор жой ҳисобланади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2410 times

Янгиликлар

Top