Ўзбекистон янгиликлари

Самарқанддаги халқаро конференцияда Имом Бухорий мероси ўрганилди

Самарқанд давлат университетида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференцияда Туркия, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон диний идора вакиллари, диншунос олимлари Имом Бухорий илмий мероси ва уларнинг ҳозирги замонда ўрганилишини муҳокама қилди.

Анжуманда мазкур хорижий мамлакатлардаги олий ўқув юртларининг файласуфлари, профессор-ўқитувчи ва талабалари ҳам иштирок этди.

Конференцияда Имом Бухорийнинг илмий мероси, у қолдирган ҳадислар ва улардан миллий қадриятларни тарғиб қилишда фойдаланиш усуллари хусусида фикр юритилди. Шунингдек, XVIII-XIX асрларда, Имом Бухорийдан аввал ҳамда кейин ёзилган қуръоншунослик ва ҳадисшуносликка оид асарлар таҳлил қилинди.

Маърузаларда бугунги глобаллашув жараёнларида сохта мафкураларнинг инсон онгига таъсири, шахс идеалини шакллантиришда маърифатнинг ўрни ҳақида фикр юритилди.

Халқаро анжуман давомида мамлакатларнинг соҳага ихтисослашган олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари бўйича таклифлар берилди. Бу борада эришилган келишувлар асосида7 2019 йилда шартномалар тузилиши режалаштирилмоқда.

“Имом Бухорий маънавий мероси ва ҳозирги замон” мавзусидаги ушбу тадбир якунида Имом Бухорий ҳаёти фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи видеофильм намойиш этилди.

15 ноябрь куни бошланган анжуманнинг давоми сифатида кеча – 16 ноябрда Самарқанд бўйлаб саёҳат, кутубхоналар ва музейларга ташрифлар уюштирилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2583 times

Янгиликлар

Top