Ўзбекистон янгиликлари

«Кўнгиллар обод бўлди»

Кеча, 25 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” (Кўкча) жоме масжидида имконияти чекланган (эшитиш-гапириш қобилияти суст) инсонларнинг Рабиъул аввал ойи муносабати билан “Оламларга раҳмат Пайғамбар!” мавзусида байрам тадбири бўлиб ўтди.

Айтиш жоизки, бу тур тадбир нафақат ўлкамизда, балки бутун дунё миқёсида олиб қараганда ҳам ҳали кузатилмаган эди.

Байрам тадбирига Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент шаҳар ҳокимияти, Ўзбекистон Карлар бошқаруви жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ва бошқа ташкилотлардан меҳмонлар таклиф қилинди. Унда 200 га яқин имконияти чекланган фуқаролар қатнашди.

Бу тадбирдан кўзланган асосий мақсад имконияти чекланганларнинг муқаддас динимизни ўрганишга бўлган эҳтиёжларини қондириш, бу борадаги иштиёқларини қўллаб-қувватлаш, уларга Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларини танштириш орқали Ислом динининг инсонпарвар ғояларини тарғиб қилиш ва шу орқали ёт ғояларга барҳам беришдир. Шунингдек, шундай тадбирлар орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий фаолликларини ошириш, уларни ёлғизлик тушкунлигидан асраш, жамиятда фуқаролар тенглиги устуворлигини таъминлаш ҳам кўзда тутилган.

Тадбир жуда ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Бошловчиликдан тортиб, тиловат, дуо, суҳбат, байтхонлик ва якуний сўзларгача барча чиқишлар имконияти чекланган кишилар тарафидан ижро этилди. Тадбир барча иштирокчиларда чуқур таассурот қолдирди.

Эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган бу инсонларнинг байрам тадбиридаги чиқишларини кўриб тўлқинланмаган киши бўлмади. Уларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига хурсандчилик улашиш ҳар бир виждонли инсон учун ҳузурбахш ва улуғ савобли амаллардан эканида шубҳа йўқ.

Кечаги ва бугунги тадбирларнинг энг муҳим жиҳати шундаки, улар орқали ўнлаб, балки юзлаб кўнгли яримта, қалби ўксик кишиларимизга шодлик улашилди, хонадонларига хурсандчилик кириб борди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», деганлар.

Ҳазрат Алишер Навоий айтадилар:

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон ўлса, обод айлагай.

Ҳа, иншооллоҳ, бу тадбирлар орқали қанчадан‑қанча вайрон бўлган кўнгиллар обод бўлди, десак, хато бўлмайди.

 

 

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

 

Read 2467 times

Янгиликлар

Top