Ўзбекистон янгиликлари

Мажмуада бунёдкорлик ишлари давом этмоқда

Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида миллий урф-одат ва қадриятларимизни тиклаш, муборак динимизни, азиз авлиё ва уламоларимизнинг меросини ўрганиш, уларнинг қадамжоларини обод қилиш йўлида беқиёс ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, азим пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги «Сузук ота» мақбараси ва жоме масжидида айни кунларда улкан бунёдкорлик ишлари жадал давом эттирилмоқда.
Ўтган йилнинг 26 май куни Давлатимиз раҳбари “Сузук ота” мақбараси ва жоме масжидида бўлиб, мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берган эдилар.
Муҳтарам Юртбошимиз: “Ушбу масжид ва мақбара маънавиятимизни янада юксалтиришга, юртимизда эзгулик нурини зиёда этишга хизмат қилиши керак”, деган эдилар.
Сузук отанинг асл исми Мустафоқул бўлиб, 1140 йилда таваллуд топган. У Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган. Болалик чоғида бобоси у кишини эркалаб «Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!», дегани боис атрофдагилар ҳам уни шу исм билан чақира бошлаган. Сузук ота юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳунарга, ҳалол меҳнатга ўргатган. 1363-1364 йилларда Амир Темур Яссавийнинг набираси Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган.
Республикамизнинг барча ҳудудларида мана шундай бунёдкорлик ишлари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2514 times

Янгиликлар

Top