Ўзбекистон янгиликлари

Сиз гўзал хулқ соҳибисиз, ё Росулаллоҳ!

2018 йилнинг 3 декабрь куни Мир Араб ўрта махсус ислом билим юртида “Сиз гўзал хулқ соҳибисиз, ё Расулуллоҳ” номи остида сийрат тадбири бўлиб ўтди. Тадбирга “Жўйбори Калон” аёл қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мудири А.Иноятов, фахрий устозлар ва бошқа меҳмонлар ташриф буюришди. Тадбир мусобақа тарзида олиб борилди. Мусобақадан кўзланган мақсад талабалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини янада мукаммалроқ ўрганишлари назарда тутилган.

Тадбирни очиш учун сўз билим юрти мудири Ж.Эловга берилди. Устоз бўлиб ўтаётган тадбир билан барча устоз ва талабаларни табриклаб, мусобақани очиқ деб эьлон қилдилар ва ўтганларни хотирлаб Қуръон тиловати ва дуои хайрлар қилинди.

Мусобақада 2- ва 3-курслардан олти талаба “Ансорлар” жамоаси, 4-курслардан эса олти талаба “Муҳожирлар” жамоаси бўлиб, билимларини синовдан ўтказдилар.

Сийрат мусобақасининг шартлари қуйидагича бўлди:

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари.
  2. Саҳобаларнинг номларини айтиш.
  3. Саҳобия аёлларнинг номларини айтиш.
  4. Ҳудайбия сулҳи ва Макка фатҳини ёритиб бериш.
  5. Шамоили Муҳаммадия китобидан баҳслашиш.
  6. Гўзал саловот айтиш.

Талабаларнинг шартларга тўлиқ ва аниқ жавоб беришларини билим юрти устозларидан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб бордилар.

Биринчи шартда ҳар иккала жамоа ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқларини жуда ҳам ажойиб тарзда баён қилиб бердилар. Иккинчи шартда эса иккала жамоа 90 та саҳобанинг исмини санаб бердилар. Учинчи шартда саҳобия аёллардан 97 та айтиб бердилар. Тўртинчи шартда талабалар кўргазмали қуроллар ёрдамида Ҳудайбия сулҳи ва Макка фатҳини жуда хам чиройли тарзда ёритиб, ундан олинадиган ибратларни баён қилиб бердилар. Бешинчи шартда Шамоили Муҳаммадия китобидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тана тузилишларига оид халқий сифатларини айтиб бердилар. Сўнгги шартда ҳар иккала жамоа ҳам гўзал бир саловотни тараннум этдилар.

Тадбир давомида устозлар томонидан викторина савол-жавоблари томошабин талабаларга берилди. Саволларга тўлиқ ва аниқ жавоб берганларга ҳомийлар томонидан китоблар тақдим этилди.

Мусобақа натижасига кўра ҳар иккала жамоа ҳам бир хил натижа кўрсатиб ғолиб бўлдилар. Иштирокчиларимизга билим юрти маъмурияти ва ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Сўз навбати устозимиз А.Иноятовга берилганда, у киши: “Ҳақиқатан ҳам талабаларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини жуда ҳам зўр ўрганибди. Мен ҳали бундай сийрат мусобақасини кўрганим йўқ. Айниқса, саҳоба ва саҳобия аёлларни санаб бераётганларида жуда ҳам хурсанд бўлдим. Ҳудайбия сулҳи воқеаси ва Макка фатҳини талабаларимиз жуда ҳам таъсирли баён қилиб бердилар”, дедилар.

Тадбирни билим юрти мудири Ж.Элов дуои-хайр билан якунладилар.

Мир Араб Ўрта махсус ислом билим юрти  ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Исматилло Холназаров

Read 2582 times

Янгиликлар

Top