Ўзбекистон янгиликлари

Ал-Азҳар шайхи: “Ўзбекистон билан диний ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдормиз”

Миср Араб Республикаси Ахборот агентлиги томонидан мамлакат Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Таййибнинг юртимизга амалга оширган ташрифи якунларига бағишланган мақола эълон қилинди.

Унда меҳмоннинг Ўзбекистонда маърифий исломни ривожлантириш, буюк аждодларимизнинг дин софлигини таъминлашга қўшган улкан ҳиссасини ўрганиш ва тарғиб этиш юзасидан амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳақида таассуротлари берилган. Жумладан, Аҳмад Таййиб Президентимиз Шавкат Мирзиёев қабулида бўлгани ва унда бугунги кунда муқаддас ислом динининг бағрикенглик тамойилларини, маърифий қадриятларини тарғиб қилиш, унинг инсонпарварлик моҳиятини асраш, диний-маънавий меросни тадқиқ этиш, хавф-хатарларга қарши курашиш борасида Ўзбекистон ва Мисрда катта ишлар қилинаётганини қайд этди.

Аҳмад Таййибнинг фикрига кўра, Ислом уммати ёшлари Ўзбекистондан етишиб чиққан буюк алломалар, уларнинг бой маънавий мероси билан яқиндан танишишга катта эҳтиёж сезмоқда.

Мақолада келтирилишича, Миср томони Ўзбекистондаги диний таълим муассасалари, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор. Шунингдек, меҳмон Ўзбекистон халқаро ислом академиясига ташрифи давомида қатор масалалар бўйича манфаатли келишувларга эришганидан мамнунлигини билдирди.

“Ҳар йили Ўзбекистондан ўнга яқин талаба Ал-Азҳар университетида таълим олиш учун келади. Бундан ташқари, имом-хатиблар билимини ошириш ва ёт ғояларга қарши курашда тажрибасини мустаҳкамлаш мақсадида Мисрда малака оширади”, дея қайд этилади агентлик хабарида.

Ўз навбатида, Ўзбекистонда сўнгги икки йил давомида турли соҳаларда, айниқса, диний-маърифий йўналишда улкан ўзгаришлар юз бергани эътироф қилинади. Хусусан, Ўзбекистонда туғилиб, дунёга илм-маърифат таратган буюк зотларнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш мақсадида илмий-тадқиқот марказлари, ислом таълим муассасалари таъсис этилди, дейилади.

“Албатта, бу каби улуғвор ташаббуслар 130 дан ортиқ миллатлар ва элатлар вакиллари истиқомат қиладиган Ўзбекистонда ўзаро ҳурмат ҳамда ишонч тамойилларига асосланган мўътадил диний қарашларни янада мустаҳкамлаш мақсадини кўзлайди.

Ўзбекистон бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик қадриятларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ушбу йўналишда Миср ҳамда Ал-Азҳар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ўзаро тажриба алмашишга интилмоқда”.


Шаҳзод ИСЛОМОВ
тайёрлади.

манба: xs.uz

Read 2689 times

Янгиликлар

Top