Ўзбекистон янгиликлари

Сирдарёда имом-хатиб ва отинойилар учун семинар ташкил этилди

Гулистонда Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона марказида ҳудуддаги шаҳар ва туманлар имом-хатиблари ҳамда отинойилар иштирокида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлашга вилоятда алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Тадбирнинг биринчи куни 65 нафар имом-хатиб, иккинчи куни 85 нафар отинойи иштирок этди. Давра суҳбати тарзида ўтrказилган маданий-маърифий тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари И.Мўминов, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Ҳ.Зокиров, Гулистон давлат университети профессори Р.Маҳмудов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ҳ.Ортиқбоева, Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё тумани бўлими раҳбари А.Мирзааҳмедов ва бошқалар муқаддас динимиз, Қуръони карим тафсири, шунингдек, турли бидъат ва хурофотларга барҳам бериш, никоҳ ва ёшлар тарбияси билан боғлиқ қизиқарли маърузалар қилди.

Тадбир давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тавсияси асосида чоп этилган “Тафсири ирфон”, “Имомлик – буюк масъулият” ҳамда “Бидъат ва хурофотларни бартараф этиш учун тавсиялар” китобларининг тақдимоти ўтказилди. Ушбу китоблар иштирокчи имом-хатиблар ва отинойиларга тарқатилди.

– Муқаддас динимиз ҳақида сўзлагувчи, эл олдида маъруза қилувчининг ўзи аввало айтганларига амал қилиши, ҳар соҳада, яъни тарбияда, одоб-ахлоқда, муомалада, кийинишда бошқаларга намуна бўлиши зарур, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Ҳ.Зокиров. – Чиройли сўзлаши, фикрини лўнда тушунтирмоғи лозим. Имом-хатиб ёки отинойилар оддийлиги, самимийлиги, диний ва дунёвий билими кенглиги ва албатта, хушмуомалалиги билан бошқаларнинг меҳрини қозонсин.

Тадбир доирасида иштирокчилар ахборот-кутубхона марказидаги шароитлар, китоблар фонди ва электрон кутубхона фаолияти билан танишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2318 times

Янгиликлар

Top