Ўзбекистон янгиликлари

Мадинаи мунавварада “Вақф” фонди тақдимот қилинди
Ўтган куни Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолияти уламолар, таниқли ватандошлар ва талаба-ёшлар иштирокида тақдимот қилинди. Маросимда “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халиловнинг Фонд ташкил этилиши, хайрия ишлари ва янги лойиҳалари ҳақида маърузаси тингланди, ўн дақиқали видеолавҳа намойиш этилди ва фикр-мулоҳазалар айтилди. Шунингдек, Фонд фаолиятига бағишланган баннерлар, лойиҳалар альбоми, буклетлар ва флешкалар тарқатилди.

Саудия Арабистонидаги ватандошлар қилинган ишлардан жуда ҳам хурсанд эканликларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволлари билан Фонд раҳбарига мурожаат қилишди. Жумладан, ватандошлардан бири Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги бетоб қариндошига қандай кўмак бериши мумкинлигини сўраган-да, “Вақф” фондининг “Малҳам” акцияси орқали даволаниши учун ёрдам бериши айтилди. Бундай қулайлик ажиб бир гўзал иш бўлганини ватандошлар билдирдилар.

 

Яна бир ватандош тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдулжаббор Абдуллоҳ юртимизда масжид-мадраса ёки инсонлар учун фойдали бирор иншоот қуриш тўғрисида берилган саволга, Фонднинг “Масжидлар қуриш” акцияси доирасида алоҳида ҳисоб рақами бўлиб, унга келиб тушган маблағни вебсайт орқали қаерга сарфланганини шаффофлик асосида онлайн тарзда кузатиш мумкинлиги айтилди. Шунда профессор энди қанча маблағ йўналтирсак, барчаси ўз ўрнига тушар экан деган фикрларни билдирди.

 

Маросимда “Вақф” саноат шаҳарчаси лойиҳаси ҳам тақдим этилди. Ушбу мажмуада ичимлик суви ишлаб чиқариш, қуруқ мевалар етиштириш ва қурилиш молларини ишлаб чиқариш тармоқларини йўлга қўйилиши маълум қилинди. Бу борада ҳам ватандошлар режалаштирилган ишларнинг жуда фойдали бўлиши, бу йўлда ҳамкорлик қилиш жуда яхши натижаларни беришини таъкидлашди.

 

Тақдимотда Абдулаҳад Андижоний сўз олиб, отаси илгари Макка шаҳрида масжид қургани, кейинчалик ўша масжид бузилгани сабабли Саудия Арабистонидаги Вақф вазирлиги томонидан алоҳида ер майдони ажратилиб, янги масжид қуриб берганини айтиб, энди юртимизда ҳам мана шундай улуғ ишлар бўлаётганини билдирди.

Абдурашид Андижоний ва Аҳмад Муҳаммад Абулқосим сингари бир гуруҳ ватандошлар, албатта, келгусида Ўзбекистонга келишларини билдириб, ҳамкорлик қилиш бўйича аниқ таклифлари борлигини таъкидладилар.

“Вақф” хайрия жамоат фондининг Саудия Арабистонидаги учрашув ва мулоқотларини ташкил этишда Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистонидаги бош консулхонаси яқиндан кўмак бермоқда.

 
 
 
 

 

Сафар давом этмоқда, тафсилотларни бизнинг сайтимизда кузатинг!

 

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Read 2919 times

Янгиликлар

Top