Ўзбекистон янгиликлари

“Вақф” фонди раҳбари Мадина ислом университети талабалари билан учрашди

Ўтган куни, “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов Саудия Арабистонининг Мадина ислом университетидаги ўзбекистонлик талабалар билан учрашди.
Мулоқотда Фонд раҳбари бугунги кунда муҳтарам Президентимиз бошчиликларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар, хусусан, охирги икки йилда диний-маърифий соҳадаги кенг қамровли ўзгаришлар тўғрисида талабаларга гапириб берди. Айниқса, халқаро илмий-тадқиқот марказлари, илмий мактаблар фаолияти ва диний таълим муассасаларида “Араб тили”, “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курслари очилганини алоҳида қайд этди.
Искандар Халилов давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилгани, унинг мақсад-вазифалари ва келгусидаги режалари ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Ислом университети талабалари ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоблар олишди. Жумладан, хориж мамлакатларидан Фондга маблағ йўналтириш усуллари, Ўзбекистондаги хайрия ишларида қатнашиш тартиби ва бугунги кунда Фонднинг қайси акцияси учун маблағлар зарурлиги тўғрисида саволлар берилди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Саудия Арабистони сафари давом этмоқда.

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Read 3673 times

Янгиликлар

Top