Ўзбекистон янгиликлари

МИСР – ЎЗБЕКИСТОН: Таълим борасидаги ҳамкорлик замон талаби

Ўзбекистон ва Мисрни тарихий-маданий муштараклик, анъанавий дўстлик ҳамда яқин ҳамкорлик бирлаштириб туради. Мовароуннаҳр ва Миср диёрида яшаб ижод қилган улуғ боболаримизнинг ноёб илмий-маърифий мероси бутун мусулмон оламининг бебаҳо бойлигидир. Шу ўринда, Аҳмад Фарғоний бобомизга бўлган Миср халқининг ҳурмат-эҳтироми халқларимиз ўртасидаги азалий дўстликнинг ёрқин рамзига айланган.

Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Саид Ҳусайн Халил ас-Сисининг 2018 йил 4 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига кўра амалга оширган расмий давлат ташрифи натижасида, Ўзбекистон ва Миср ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, туризм, фан, таълим, маданият, спорт соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган ҳукуматлараро ва идоралараро салмоқли ҳужжатлар имзоланди.

Миср Бош имоми – Шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб бошчилигидаги ал-Азҳар мажмуаси вакилларидан иборат нуфузли делегациянинг Ўзбекистон Президенти қабулида бўлиши, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриши икки томонлама ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилишига сабаб бўлди.

Айни пайтда, Миср томонининг таклифига кўра, Ўзбекистон ва Мисрдаги диний соҳага оид марказлар ўртасида 2019-2023 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”да кўзда тутилган келишувларни муҳокама қилиш ҳамда ўзаро мувофиқлаштириб олиш мақсадида Ўзбекистон делегацияси ишчи ташриф билан Қоҳира шаҳрида бўлиб турибди.

Делегация вакилларининг илк учрашуви бир минг икки юз йилдан зиёд вақт мобайнида фаолият кўрсатиб келаётган “Ал-Азҳар” мажмуаси ректори Муҳаммад Ал-Маҳрасовий билан “Йўл харитаси”нинг 2019 йилга мўлжалланган чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган суҳбат билан бошланди.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йили октябрь ойида ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад Таййибни қабул қилиб, ўтказган мулоқоти самарали бўлди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Ал-Азҳар университети ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий номидаги ­халқаро илмий-тадқиқот маркази ва бошқа муассасалар ўртасида таълим ҳамда илмий лойиҳаларни ривожлантириш, диний ходимлар малакасини оширишга қаратилган амалий ишлар бошлаб юборилди, – деди мезбон сифатида суҳбатни бошлаган Ал-Азҳар университети ректори Муҳаммад Ал-Маҳрасовий.

Дарҳақиқат, Миср ва Ўзбекистоннинг ўртасида имзоланган “йўл харитаси” мамлакатларимизнинг илмий, маданий ҳамда диний таълим соҳасидаги салоҳиятнинг янада юксалиши учун улкан аҳамият касб этади. Қолаверса, икки мамлакат ўртасида амалга оширилаётган ишлар маънавий-маърифий соҳа ривожи, диний бағрикенглик, ўзаро ҳамфикрлик ва диний саводхонликнинг юксалишида катта рол ўйнаши шубҳасиз. Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар эса бунинг яққол далилидир.

– Ўзбекистон билан алоқаларимиз ривожланиб бораётганидан мамнунмиз. Бу – Ўзбекистон Президенти томонидан олиб борилаётган очиқ ташқи сиёсат, халқ­аро ҳамжамият билан манфаатли ҳамкорлик, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашни назарда тутувчи оқилона сиёсат самараси, деб ҳисоблайман, – деди учрашувда Ал-Азҳар мажмуаси раҳбарининг ташқи алоқалар бўйича маслаҳатчиси Абдураҳмон Мусо. –  Ўзбекистонга амалга оширган ташрифимиз чоғида мамлакатдаги катта ўзгаришлар, турли миллат ва динга мансуб аҳолининг ўзаро аҳил-иноқ яшаётганини кўрдик.

Барчамизни қувонтирадиган воқеа ҳақида такрор ва такрор айтсак арзийди. Яъни БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилингани тарихий воқеадир. Бу Ўзбекистон раҳбариятининг жаҳонда динлараро бағрикенглик, тинчлик-тотувликни таъминлашга қаратилган ҳаракатининг амалий ифодаси саналади.

Ўзбекистон Президентининг ушбу ташаббуси Миср халқининг ҳам бош мақсади ҳисобланади.

Бу сўзларни тинглар экансиз, Ўзбекистонда содир бўлаётган ҳар-бир ижобий ҳодисалар, ўзгаришлар, ислоҳотлар ва янгиликлар жаҳон ҳамжамияти томонидан диққат билан кузатилаётганига, чуқур таҳлил этилиб, ўзининг муносиб баҳосини олаётганига амин бўласиз.

Миср халқига Ўзбекистонни кенгроқ таништириш, юртимизда бўлаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот бериш мақсадида Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонасида мисрлик сиёсатчилар, экспертлар, олимлар ва журналистлар иштирокида бўлиб ўтган учрашувда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган Миср вакилларининг холис сўзлари ҳам буни тасдиқлайди.

– Ўзбекистон мусулмон дунёсида ўзига хос мавқега эга бўлган муҳим мамлакат ҳисобланади. Бу нафақат аҳоли сони ёки унда жойлашган табаррук зиёратгоҳлар кўплиги, балки жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшгани билан ҳам боғлиқ.

Маълумки, Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба саналган “Ал-­Жомеъ ас-Саҳиҳ” тўплами муаллифи Имом Бухорий, буюк олим ва мутафаккир Имом Термизий каби кўплаб алломалар Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан. Биз, мисрликлар IX асрда Миср­га келиб, Нил дарёсининг ўлчов қурилмасини ихтиро қилган ўзбек олими Аҳмад Фарғонийнинг хизматларини юксак қадрлаймиз.

Ўзбекистон иқтисодий жиҳатдан ҳам ўзига хос тараққиёт йўлига эга. Қисқа муддатда мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти юксалиб, одамларнинг турмуш шароитлари яхшиланаёт­гани, ялпи ички маҳсулот кўрсаткичлари ортаётгани Президент Шавкат Мирзиёев­нинг оқилона ички ва ташқи сиёсати маҳсу­лидир, – дейди “Ал-Жумҳурия” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Ас-Саид Хани.

Давра суҳбати ва матбуот анжумани кўринишида ўтказилган ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти, Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсат, барча соҳаларда кузатилаётган кенг кўламли янгиланиш ва ўзгаришлар, турли йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида Мисрлик публицист, ёзувчи  Муҳаммад Салома шундай деди:

 

– Ўзбекистон икки ярим йил ичида барча соҳада жуда катта ютуқларни қўлга киритди. Мамлакатдаги ислоҳотлар аҳоли турмушининг ҳамма жабҳасини, жумладан, сиёсий, ижтимоий, маданий, суд-ҳуқуқ, таълим ва диний соҳани ­бирдек қамраб олаётгани ўта муҳимдир.

Назаримда, Ўзбекистоннинг энг катта ютуғи очиқ ташқи сиёсат юритиб, халқаро майдонда фаол ҳаракат қилаётганидир. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг хорижий давлатларга кўплаб расмий ташрифлари, айниқса, БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурган глобал аҳамиятга эга таклифлари Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ­обрўйи тобора ошиб бораётганини англатади.

Миср жамиятида ўз обрў-эътиборига, энг муҳими қатъий нуқтаи-назарига эга бўлган кишилар томонидан бундай баёнотлар кўплаб янграмоқда. Уларни тинглаб, Ўзбекистоннинг хорижлик дўстларидан мамнунлик туясиз.

 

– Мени Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар жуда қизиқтиради. “Ўзбекистон: Ислом тамаддуни манбалари” номли китоб ёздим. ­Мақсад – араб китобхонини Ўзбекистон билан яқиндан таништириш. Китоб икки қисмдан иборат. Биринчи қисм Ўзбекистоннинг ислом маданияти ривожига қўшган буюк тарихий ҳиссасини­ ёритишга бағишланган. Иккинчисида Ўзбекистондан етишиб чиққан турли соҳа олимларининг ҳаёти ва илмий фаолияти ёритиб берилган.

Сўнгги йилларда Ўзбекис­тоннинг минтақавий муаммоларни ҳал қилишдаги роли тобора ортиб бормоқда. Яқинда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори­ Владимир Норов Шанхай ҳамкорлик ташкилотидек нуфузли тузилманинг Бош котиби вазифасига киришди. Бу ҳам Ўзбекистоннинг минтақадаги хавфсизлик ва бар­қарорликни таъминлашда нақадар муҳим ўринга эга эканини кўрсатиб турибди.

Президент Шавкат­ Мирзиёев икки ярим йил ичида жуда катта муваффақиятларга эришди. Айниқса, қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқаларни ривожлантиришга муваффақ бўлмоқда. Бу минтақада тўпланиб қолган кўплаб муаммоларга ечим топишга олиб келди, – дейди яна бир Мисрлик олим Аҳмад Тарабик.

Миср – Ўзбекистон ҳамкорлиги, айниқса таълим борасида эришилган келишувлар ҳар икки мамлакатнинг узоқ муддатли манфаатларига ва мамлакатларимизнинг ривожланиш жараёнига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшишига шубҳа йўқ.

Таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Ж.Нажмиддинов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори, профессор Ш.Ёвқочев бўлган делегациянинг ишчи ташрифи бугун – 11 январда ўз ниҳоясига етади.

Абдухамид Мухтаров,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

матбуот котиби

Read 2776 times

Янгиликлар

Top