Ўзбекистон янгиликлари

“Охун бобо” ва “Муоз ибн Жабал” масжидларига ташриф

Юртимиздаги ислоҳотлардан кўзланган мақсад – халқимизнинг эҳтиёжларини қондириш ва одамларни рози қилиш. Ана шу улуғвор ният йўлида олиб борилаётан ишлар кўлами кундан-кун ортиб бормоқда. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Хоразм вилоятида туман ва қишлоқлар аҳолисининг ҳаётида янги саҳифалар очилмоқда. Бундай савобли ишлардан элу халқ чексиз мамнун бўлмоқда.
Бугун, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Хоразм вилоятига сафарлари мобайнида вилоятдаги жомеларга ташриф қилдилар. “Охун бобо” ва “Муоз ибн Жабал” жоме масжидлари қавмлари билан дилдан суҳбат қуриш билан сафар давом эттирилди.
Икки йил аввалги давлатимиз Раҳбарининг Хоразм вилоятига ташрифлари давомида “Охун бобо” жоме масжиди пойдеворига биринчи тамал тошини қўйиб, масжиднинг кўркам бўлишини таъминлаш бўйича топшириқлар бериб, фикр-мулоҳазалар билдирган эдилар. Орадан маълум вақт ўтгач, хайрли иш ниҳоясига етди. Умумий майдони 3,5 гектарни эгаллаган масжид мажмуасида 4000 нафар намозхон учун барча зарур бўлган шарт-шароитлар муҳайё қилинди.
Муфтий ҳазратлари “Охун бобо” ва “Муоз ибн Жабал” жоме масжидларига ташрифлари давомида мўмин-мусулмонлар учун ташкил этилган шарт-шароитлар, намозхонлар ибодат қилишлари учун яратилган қулайликлар ва жоме масжидларни ўзига хос услуб ва меъморчилик асосида бунёд этилганига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мўйсафид отахонлар билан муфтий ҳазратлари суҳбат қуриб, Аллоҳ таолонинг бизнинг диёримизга берган неъматларига шукрона қилиш, бу кунларнинг қадрига етиш, муҳтарам Президентимиз ташкил этиб бераётган шарт-шароитлар учун миннатдорлик билдириш, Ҳақ таолога ҳамду санолар айтиш, дуолар қилиш даркорлигини сўзладилар.
Масжидларга жам бўлган отахонлар давлатимиз Раҳбари томонидан халқимизга туҳфа этилган мана шундай муҳташам жоме масжидлар учун миннатдорлик сўзларини изҳор этиб, она-Ватанимиз ободлиги, халқимиз фаровонлигини тилаб муфтий ҳазратлари бошчиликларида дуои хайрлар қилдилар.
Муфтий ҳазратлари сўзларини якунлагандан кейин масжид жамоасини қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.
Суҳбатлар самимий руҳда, ниҳоятда файзли бўлди.
Ишчи гуруҳлар таркибидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов ва масъул ходимлар Исломиддин Зуҳриддинов, Собир Арзиқулов ва Музаффар Камолов жоме масжидлардаги намозхонлар билан учрашиб, уларга панду насиҳатлар қилиб, муаммоларини ечишга яқиндан кўмак бермоқдалар.
Хоразм вилоятига ташриф давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2468 times

Янгиликлар

Top