Ўзбекистон янгиликлари

Ҳашар элнинг иши – юртнинг ободлиги

Ҳашар билан болалик давримиздан танишмиз. Ўша кезларда одамларнинг уйларининг аксари шиферланмагани боис ҳар йили кузда лойсувоқ қилинарди. Ҳашарга қўни-қўшни, қариндош-уруғ, ёшу қари чақириларди. Асосий ишларни ёшлар бажарса-да, офтобшувоқда чой ичиб ўтирган кексалар ҳашарга ўзгача руҳ бағишлаб турганини ҳамма бирдек ҳис қилар эди. Болалар учун эса ҳашар чинакам байрам бўларди. Ҳашар одамларни бир-бирига қалбан яқинлаштирар, ажойиб ҳазил-ҳузуллар кечга қадар давом этарди. Агар ҳашар чоғи йўл устидан бирор киши ўтиб қолгудек бўлса, у баланд овозда “Ҳорманглар!” деб келарди-да, ҳашарга чақирмагани учун уй эгасига дашном берарди, кейин эса резин этикни киясолиб, қўлига кетмон олиб лойга кириб кетарди. Ҳашар сўнгида хонадон соҳибаси қурби етганига қараб ҳашар оши тайёрлар ва ҳеч ким уни эмас, буни пиширибди, дея гина қилмас эди.

Ҳа азизлар, азалдан халқимиз уй қуришлар, йўл солишлар, кўприклар бино қилишлар ва бошқа катта-катта ишларни ҳашар йўли билан бажариб келган. Бугун эса Марказий Осиё жавҳари, пешонамизга битган яккаю ягона денгизимиз  – Орол бизнинг ҳашар йўли билан кўмаклашишимизга муҳтож...

Вазирлар Маҳкамасининг умумхалқ экологик хайрия ҳашарини ўтказиш тўғрисидаги фармойишига биноан  бугун республика бўйлаб умумхалқ экологик хайрия ҳашари ўтказилмоқда.

Хайрия ҳашарида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар ва бинолар, ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар ва қабристонлар, ариқлар, кўчалар ва йўлаклар ҳамда болалар майдончалари тартибга келтирилаётир.

Хайрия ҳашаридан тушган маблағлар Орол денгизининг суви қуриган майдонларида ҳимоя ўрмонлари барпо этиш, минтақада экологик ҳолатни ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш каби тадбирларга сарфланади.

Ана шундай савоби улуғ ҳашарга “Мовароуннаҳр” нашриёти жамоаси ҳам эрта тонгдан келиб қўшилди. Ходимлар экологик ҳашарни ўзларининг аслида ҳам орастагина бўлган хоналарини ёғ тушса ялагудек қилишдан бошладилар. Ундан сўнг эса ҳовлига чиқиб, дарахтларга шакл беришди, уларни оқлашди, тагларини юмшатишди, ҳовлини ва ҳовли атрофини супуриб-сидириб, янги келин тушган ҳовлидек саранжом-саришта қилиб қўйишди. Нашриёт биноси ортида қурилиш ишлари бораётгани сабабли ўша томонга йиғилиб қолган синиқ ғишт парчалари, тўкилган қум-шағалларни ҳам йиғиштириб олиб, чанг-чунглардан тозалаб қўйишди.

Ғайратига ичига сиғмаган ходимлар яна бинога қайтиб кириб, компьютерларини ёқиб ижод, таҳрир, таржимага киришиб кетдилар.

Улардан: “Қизишиб кетдингизми, дейман?” деб сўрасангиз, “Ҳашарга келгандан кейин ишлаш керак-да, ахир Орол фақат бизнинг эмас, фарзандларимизнинг, келажак авлодларимизнинг ҳам денгизи, унинг қуриган қисмининг ўрнида ям-яшил ўрмонзор пайдо бўлса, нафақат, минтақамизда, балки бутун оламда экологик шароит яхшиланади. Бундан эса ҳаммадан ҳам кўп бизнинг минтақамиз, мамлакатимиз аҳолиси фойда кўради. Шундай савобли ишга бош қўшмай бўлар эканми”, дейди ҳашарга бош бўлиб турган бош директор ўринбосари Холмат Атабоев.

“Шунинг билан бирга кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга ҳам фойдамиз тегар экан, ҳашарчи бўлганимиздан ниҳоятда мамнунмиз”, дейди ходима Нилуфар Аблаева.

Ҳашар ана шундай кўтарники руҳда давом этмоқда.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

 

 

 

Read 2476 times

Янгиликлар

Top