Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда қўлланилган янгилик мусулмон оламида акс-садо берди

Жорий йил номи – Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили, шунчаки жарангдор эмас, балки моддий ва маънавий тараққиётнинг посангисини тенг равишда олиб боришга қаратилган адолатли сиёсатнинг ўзига хос ифодаси ҳамдир.

– Ҳамжиҳатлилик, уйғунлик ва ижтимоий ҳимоя – 21-асрда инсониятнинг фундаментал қадриятларидан бири эканини БМТ ҳам эътироф этган, – дейди Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бўлим бошлиғи Шерали Сатторов. – Бугун дунё миқёсида 650 миллион ногиронлар бўлса, уларнинг 320 миллион нафари заиф этишувчилар ва сўзлаш имкониятидан маҳрум шахслардир. Қашшоқ давлатларда 90 фоиз бу тоифадаги ёшлар мактабга умуман бора олмаяпти.

ЎзАнинг таъкидлашича, БМТнинг Ногирон шахсларнинг ҳуқуқлари ҳақидаги Конвенцияси 30-моддасида “Ногиронлар уларнинг алоҳида маданияти ва тил жиҳатдан ўзига хослигидан келиб чиқиб, бошқалар қатори тан олиниши ва қўллаб-қувватланиш ҳуқуқига эга”, деб ёзиб қўйилган.

Энг эътиборлиси, жамиятимиздаги махсус эҳтиёжга эга бу кишилар ўзаро жуда тез бирикади, индивидуалликдан кўра, жамоавийлик кўнгилларига маъқул ва ўз ҳамжамияти учун жуда қайғуришади. Уларни алоҳида ажралиб қолишига йўл қўйиб бўлмайди, улар билан муттасил ишлаш икки йилдирки Президент Шавкат Мирзиёев сиёсатида энг устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.

Имо-ишора тилини юридик мақомга эга бўлиши борасида дунёда кўпдан буён қизғин кураш кетмоқда. Масалан, Янги Зеландияда уларга давлат тили мақоми берилган ва қани, буни истамаганлар бу меъёрни бир бузиб кўришсин-чи...

Минг афсуски, бу тоифадаги фуқароларнинг ҳуқуқлари ўзимизда ҳар қадамда бузилаётгани бизни жиддий ташвишга солиб келмоқда. Тиббий хизмат муассасалари, умумий овқатланиш шохобчалари, жамоат транспорти, ҳужжатларни расмийлаштириш, савдо дўконлари, банклар, коммунал тўловларни тўлашда қўйингчи, деярли барча жойда уларнинг ҳуқуқлари камситилмоқда, десак сира муболаға эмас.

Дарҳақиқат, сурдо таржимонини топиш бийдек саҳродан дарахт излашдай мушкул иш бўлиб қолган шароитда улар ўз ҳақ-ҳуқуқларини, арзию номасини мутасаддиларга қандай қилиб етказишади?

Яқинда ишчи гуруҳлари билан вилоятларнинг бирига сафарим чоғида Президентимизнинг Олий Мажлисдаги мурожаатномасини нима учун бизга имо-ишора тилида кўрсатишмади, дея отаси орқали берган саволига очиғи жавоб беришга қийналдик.

Бир қарашда оддий гап, аммо улар сони республикамизда 30 мингга яқин. Биз албатта, бу борада телевидение раҳбариятига ўз тавсиямизни куни-кеча йўлладик. Таниқли журналист Қуддус Аъзамовнинг “Муносабат” ток-шоусида яқиндан бошлаб, бу жиҳат ҳам эътиборга олина бошлагани қувонарлидир.

Янги йилдан федерациямиз тизимида бир янгиликка қўл урилди. Энди эшитиш қобилиятига эга бўлмаган ва сўзлаш имкониятидан бутунлай маҳрум шахсларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқлари тўлиқ ҳимоя қила бошлайди.

Ҳозир дунё миқёсида стеноёзув, деб аталган янги технологияси кенг урфга кирмоқда. Бу эшитиш қобилиятидан маҳрум инсонларнинг ахборот олиш имкониятларини кенгайтиради.

Мурожаатчи эндиликда бизга ўз арзини бемалол имо-ишора тилида етказиши мумкин бўлади. Ўзбекистон “Ветеран” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси раиси қошидаги “IT-UZ” томонидан яратилган махсус дастур орқали “колл-сентр”имиздаги сурдо таржимон у нима деяётганини мутахассисларимизга тушунтириб беради.

Муаммони жойида ҳал қиламиз. Планшетга ўрнатиладиган ва интернет орқали ишлайдиган ушбу дастурни россиялик мутахассис Алексей Мелник ўйлаб топган бўлиб, уни Хушнуд Эргашев Ўзбекистон шароитига мослаштирган. Ҳозирда 20 та ана шундай дастурларни харид қилиб, барча ҳудудий бўлимларимизга ўрнатдик. Сурдо менежери Гўзал Раҳматуллаева эса мурожаатчиларга онлайн тарзда тезкор хизмат кўрсатади.

Бу шубҳасиз, имконияти чекланганларнинг хизматлар ва ахборотдан фойдаланиш сифатини яхшилайди, инсон ҳуқуқларини таъминлайди, жамиятдаги бошқа шахслар билан мулоқотини осонлаштириб, ижтимоийлашувини ва ҳимоясини кучайтиради. Улар ҳам элга фойдаси тегишга қодир эканлигига ишониб, кўнгли юксалади. Ахир паралимпиачиларимизнинг футбол бўйича оламшумул ғалабалари улар қанчалик салоҳиятли эканлигини яққол кўрсатган эди-ку.

Менимча, муаммога комплекс ёндашиш лозим.

Биринчидан, қадимий ва ҳамиша бетакрор юртимизга чет эллик сайёҳлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Мана бу йил қарийб 5 миллион хорижлик келди. Фурсат ўтиб, 10 миллион, 20 миллионга ҳам етади, албатта. Аммо улар орасида гапира олмайдиган меҳмонларга ким “йўл кўрсатувчи”лик қилади? Уларга бой тарихимизни қандай етказамиз, меҳмонхона, ошхона, маданият муассасаларида қандай хизмат кўрсатилади? Транспорт, жамоат жойлари ва меъморий объектларда бирор муаммога дуч келишса, улар ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинади?

Улар имо-ишоранинг инглиз ёки бошқа тилларида сўзласа, бизнинг сурдо таржимонлар бу тилни тушунмаса, жуда оғир вазият юзага келаяпти-ку. Сурдо таржимонларига эҳтиёж янада ортмоқда ва уларни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси алоҳида марказларда ўқитишни йўлга қўйиши лозим.

Иккинчидан, биз жойлардаги давлат хизматларини кўрсатиш марказларида ушбу дастурларни ўрнатиш бўйича Адлия вазирлиги қошидаги агентлик раҳбарияти билан музокаралар олиб бориш истагидамиз. Чунки, бундай марказлар ушбу тоифадаги шахсларнинг ҳам муаммоларини осон ва тез ҳал қилиш масканига айланишидан барчамиз манфаатдормиз. Шу тариқа уларга хизмат кўрсатиш яхшиланади.

Учинчидан, уларнинг аксарияти моддий-иқтисодий аҳволи оғир бўлиб қолмоқда. Тўғри, нафақаси тайин-куя, бироқ иш берилса, эплаб кетадиганлари ҳам кўп. Жамият учун керакли инсон эканлигини ҳис қила бошласа, қудратли кучга айланади. Улар билан тизимли ишланмагани сабабли норғул йигит-қизлар ўзи тушуниб-тушунмай ҳатто миссионерлик йўналишига кириб кетаётганлари ҳам учраб туради.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Вақф” фонди ва Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Тошкентдаги “Кўкча” жоме масжидида яқинда илк маротаба сурдо таржимони ёрдамида диний маърузаларни етказиш бўйича инновацион лойиҳа йўлга қўйилди. Бу хайрли ташаббус нафақат МДҲ доирасида, балки араб ва мусулмон оламида ҳам ўзига хос янгилик, деб баҳоланиб, катта халқаро акс-садо берди.

Тўртинчидан, республикамизда 6 та ихтисослашган мактаб интернатида ушбу гуруҳга мансуб ёшлар ўқитилмоқда. Аммо ундан таълим олиш тизими мавжуд эмас. Улар қайси олий таълим даргоҳида таҳсил олишлари мумкин? Қайси университетимизда лоақал бирорта сурдо таржимони дарсларни тушунтириб бераётганини учратмаймиз. Олий ўқув юртларида сурдо таржимонлик факультетини очиш у ёқда турсин, жўяли бирорта курслар ҳам ташкил этилмаган.

Миллий имо-ишора тилини албатта ривожлантиришимиз керак. Улар маънавий оламини бойитиш учун бадиий адабиётларни ҳам самарали усулда етказишимиз керак.

Бешинчидан, бугун Ўзбекистон ташаббуслар ва ғоялар марказига айланаётган шароитда пойтахтимиз Тошкент шаҳрини глобал сурдо марказига айлантириш учун қулай вазият пайдо бўлди. Тошкент шаҳридаги Инҳа ва Тошкент Ахборот технологиялари университети билан ҳамкорликда илғор компьютер дастурларини яратиш мумкин. Қароргоҳи Хельсинкида жойлашган Халқаро карлар федерациясига ҳам қўшилишимиз керак.

Ҳар йили сентябрь ойининг тўртинчи ҳафтаси Халқаро карлар ҳафталиги, деб эълон қилинган. Бу санада республика миқёсида кенг тадбирлар ўтказиш мумкин.

Президентимиз ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қисмларини уй-жой ва бошқа моддий неъматлар билан таъминлаб бераётгани замирида уларнинг жамиятимизда тенг ҳуқуқли ва камситишларга йўл қўйилмаслигини тасдиқлаши билан ҳам аҳамиятлидир.

Бинобарин, биз эшитиш ва сўзлаш имконияти чекланган инсонлар билан цивилизациявий маданият даражасидаги мулоқотни йўлга қўйиш орқали нафақат Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў ва нуфузини, имижини мустаҳкамлаймиз, балки адолатли ва инсонпарвар давлат қуриш сари дадил қадам қўямиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2604 times

Янгиликлар

Top