Ўзбекистон янгиликлари

Навоий меросини ўрганамиз!

Урганч шаҳар Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус Ислом билим юртида Алишер Навоий ҳазратларининг таваллуд айёмига 578 йил тўлганлиги муносабати билан “Навоий меросини ўрганамиз” шиори остида Навоийхонлик кечаси ташкил қилинди.

Тадбир талабалар томонидан тайёрланган хатми Қуръонни Навоий ҳазратларининг руҳи покларига бағишлаш билан бошланди. Тадбирни билим юрти мудири Д.Абдуқодиров очиб бериб, Навоий ҳазратларининг сермаҳсул ижоди, унинг аҳамияти ҳақида мисоллар билан гапириб берди.

Тадбирда 1-курс талабаларининг 3 та гуруҳи 5 та шарт бўйича Навоий ҳаёти ва ижоди бўйича беллашдилар.

Таништирув шартида 1-курс талабалари Навоий ҳазратларининг ҳаётлари ва ижодий фаолиятлари ҳақида 5 та тилда, яъни ўзбек, рус, тожик, араб, инглиз тилларида маълумотлар беришди ва Навоий ижодидан парчалар ўқиб беришди.

Эркин мавзуда саҳна кўриниши босқичида талабалар Навоий ҳазратларининг Ҳусайн Байқаро билан бўлган воқеалари асосида юқори савияда саҳна кўринишлари билан иштирок этишди. Бошқа шартлар бўйича ҳам талабалар юқори савияда Навоий ҳазратларининг ҳаёти ва ижоди бўйича мустаҳкам билимга эга эканликларини намойиш қилишди.

Тадбир давомида билим юрти мударрисларидан иборат ҳакамлар талабаларнинг чиқишларини баҳолаб борди ва ҳар бир шарт доирасида Навоий ижоди ва унинг аҳамияти ҳақида қисқача маълумотлар бериб боришди. Якуний натижага кўра, 118-“д” гуруҳ талабалари биринчи ўринни эгалашди. Тадбир иштирокчилари эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2769 times

Янгиликлар

Top