Ўзбекистон янгиликлари

Болаларни меҳрибонлик уйларида тарбиялаш амалиёти босқичма-босқич камайтирилади

Фарзандидан воз кечмоқчи, сотмоқчи бўлиб туғруқхона ёки бошқа хилват жойларга ташлаб кетаётган оналар, жигарбандини тан олмаган оталар борлиги ҳақида эшитганмиз. Нима учун улар бундай қабиҳ ишга қўл урмоқда? Муаммонинг асл сабаби нимада?

Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази бош мутахассиси Дилноза Ҳусанова билан суҳбатимиз шу оғриқли мавзу ҳамда Президентимизнинг “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг аҳамияти ҳақида бўлди.

– Боласидан воз кечиш шунчаки жўн иш эмас. Бир кунлик ёки бир лаҳзалик қарор билан бу жиноят содир этилмайди. Руҳий муаммолар қуршовида қолган аёлгина боласидан воз кечиши мумкин. Ҳаёт синовларига дош беролмаслик, моддий ва руҳий қийинчиликлар уларни баъзан шунга мажбур қилади. Айрим ҳолларда эса турмуш қурмаган қизларимизнинг енгил-елпи ҳою-ҳавасга берилиб, ҳаёти барбод бўлаётгани ҳам бор ҳақиқат. Уларни тўғри йўлга бошлаш, оғир шароитларда ёрдам бериш, фожианинг олдини олишга эса барчамиз бирдек масъулмиз. Фаолиятимиз мазмуни, асосий мақсадимиз ҳам шу аслида.

Куни кеча Президентимизнинг “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

Унга кўра, Меҳрибонлик уйларида тарбиялаш амалиёти босқичма-босқич камайтирилади. Қарорнинг муҳим жиҳатларидан бири 2019-2023 йилларда Меҳрибонлик уйларини ноинституционаллаштириш дастурини ишлаб чиқиш белгиланганидир. Ўз навбатида, оила институтини мустаҳкамлаш, ижтимоий етимликнинг олдини олиш, шунингдек, Меҳрибонлик уйларини босқичма-босқич кам комплектли болалар шаҳарчаларига ҳамда ижтимоий муассасаларнинг бошқа муқобил шаклларига ўтказиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, "Ишонч телефони" орқали етим болалар ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ёрдам кўрсатиш тизими ташкил этилади, уларнинг ҳуқуқлари таъминланади.

Бундан кейин етим болалар ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болалар билан тизимли ишлар олиб борилади. Жумладан, қарорга мувофиқ етим болалар ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Болаларни тарбиялаш учун оилага қабул қилаётган (патронат) васий ва ҳомийликка номзодларни, фарзандликка олаётганлар ва оилавий болалар уйларининг тарбияловчи ота-оналарини танлаш ҳамда кузатиб бориш тизими такомиллаштирилади.

Ўз навбатида, болалар оиласидан ажратилишининг олдини олиш, институционал муассасаларда тарбияланаётган болаларнинг оиласига қайтарилиши, яъни реинтеграцияси бугунги кунда фаолият олиб бораётган давлат таълим ва тарбия муассасалари, жумладан, Меҳрибонлик уйлари ва ҳатто ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг асосий вазифасига айланиши лозим. Чунки бу муассасаларда таълим-тарбия жараёни қанчалик мукаммал таъминланмасин бу ерда болалар ўз яқинлари билан барқарор эмоционал илиқ муносабатларни ўрнатиш эҳтиёжини қондира олмайди. Энг қадрли инсонлари томонидан қўллаб-қувватланиш, рағбат, мунтазам ғамхўрлигидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмайди.

Муассасага моддий қийинчиликларни рўкач қилиб фарзандини жойлаштириш истаги билан мурожаат қилган ота-оналарга мазкур муассасанинг ҳар қандай тўкис шароити оила соғинчи ва ота-она меҳрига ташналик ўрнини боса олмаслигини тушунтириш зарур. Бугунги кунда кам таъминланганликни сабаб қилиб кўрсатиб фарзандини Меҳрибонлик уйига жойлаштириш истагини билдираётган ота-оналар ҳам кам эмас. Бундай ота-оналарда фарзандини қандай қийинчилик бўлмасин ўз бағрида тарбиялаш зарурлиги бўйича онгли муносабатни шакллантириш лозим. Моддий ва иқтисодий қийинчиликларни бартараф этиш мақсадида уларни ҳунарга ўргатиш, иш билан таъминлаш, даромад манбаига эга бўлишига ёрдам бериш оила таназзулининг олдини олишда муҳим чорадир.

– Ота-онанинг ажрашиши ва бошқа турмуш қуриши сабабли ўртадаги фарзандини Меҳрибонлик уйига жойлаштириш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

– Бундай вазиятларда ота-оналарга уларнинг давлат ва фарзанд олдидаги бурч ҳамда мажбуриятларини, эр-хотинлар ўртасидаги шахсий адоват ёки келишмовчиликлар боланинг “керак эмас буюм”дек “четга ажратиб” қўйилишига сабаб бўлмаслиги кераклигини эслатиш муҳимдир. Шундай қилинади ҳам. Афсуски кўп ҳолларда ажрашишнинг олдини олиш имкони бўлмайди.

Жаҳон тажрибасида, хусусан, Англия, АҚШ, Жанубий Корея, Чехия ва бошқа ривожланган мамлакатларда 10 ёшгача бўлган болани институционал муассасаларга жойлаштириш қатъий маън этилади. Болаларнинг ота-онаси билан яшаш имкони бўлмаган тақдирда улар номзод фостер, яъни болани тарбиялаш борасида махсус тайёрланган оилаларга маълум бир муддатга жойлаштирилади. Бу боланинг оилавий ҳаёт тажрибасини эгаллаши, “она” ва “ота” деб аталмиш ягона инсонга ҳиссий боғланиш имконини таъминлайди.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори юқорида келтирилган муаммоларнинг ечими бўла олади. Бундан кейин ҳам мамлакатимизда қийин ҳаётий вазиятдаги оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириб, болаларни васий (ҳомий) оилаларга, тутинган оилаларга бериш тизими такомиллаштирилиши ижтимоий етимликнинг олдини олишда қўл келади.

Манба: ЎзА

Read 2652 times

Янгиликлар

Top