Ўзбекистон янгиликлари

Олтин силсиланинг биринчи довони

Тарихий ва миллий қадриятларга бой юртимизнинг Ислом оламидаги юксак ўрни ва нуфузи ҳеч бир мусулмонга сир эмас. Айниқса, бу юртдан етишиб чиққан буюк алломаларнинг ислом таълимотлари, хусусан, ҳадис илмини шакллантириш ва ривожлантиришдаги хизматлари бутун дунёда тан олинган. Ислом дини ва маданий-маънавий меросга эътибор қаратилаётган бугунги кунда Ўзбекистон заминида ўз дини ва маънавий анъаналарига меҳр ва садоқат, тарихий меросни асраб авайлаш бўйича ажойиб тажриба мактаби шаклланмоқда. Хабарингиз бор марҳум устоз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  ва таржимонлар гуруҳи бутун Ислом оламида энг саҳиҳ ҳадис тўпламлари деб эътироф қилинган тўққиз мўътабар китобдан иборат “Олтин силсила” рукни остида илмий асосга эга, барча шартларга амал қилган ҳолда уламолар ҳайъати ижросида изоҳли таржима қилинишини йўлга қўйиб,  буюк ватандошимиз Имом Бухорий ҳазратларининг “Жомеъус саҳиҳ” тўпламига бағишланган 8-жуздан иборат изоҳли таржиманинг 5 жузи “Ҳилол нашр” нашриёти томонидан чоп этилган эди. Ушбу хайрли ишнинг давоми ўлароқ асарнинг изоҳли таржимасига бағишланган “Олтин силсила” китобининг 6-8-жузлари ҳам нашрдан чиқди. 2019 йил 17 феврал куни унинг тақдимоти  ҳадис илмининг султони, буюк ватандошимиз Имом Бухорий ҳазратларининг равзалари ёнида жойлашган жоме масжидда бўлиб ўтди. Тақдимотда юртимизнинг етук уламолари, устоз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг сафдошлари ва шогирдлари, “Ҳилол нашр” нашриёти раҳбари Исмоилхон Муҳаммад Содиқ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси котибият мудири Муҳаммад Айюбхон Ҳомидов,  Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили Зайниддин Эшонқулов, Самарқанд “Ҳадис илми мактаби” ректори Олимхон Юсупов ва кўплаб китоб ихлосмандлари иштирок этди. Тадбир аввалида  “Олтин силсила” китобининг ижодий жамоаси томонидан Имом Бухорий ҳазратлари ҳаққига адо этилган Қуръони карим тиловатининг хатми, Умра зиёрати, қурбонликнинг савоблари  дуо қилиниб, у кишининг ҳақларига бағишланди. Шу билан бирга “Жомеъус саҳиҳ” ҳадислар тўплами ҳам тўлиқ мутолаа қилиниб, унда келтирилган охирги уч ҳадиси шариф шу тадбир қатнашчилари иштирокида мутолаа қилиниб, якунига етказилди. Ушбу хатмлар ортидан буюк аллома ва барча ўтган азиз авлиёлар, динимиз, халқимиз ва юртимиз тараққиётга хизмат қилиб ўтганларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилинди.

Имом Бухорийнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида Самарқандда Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази ва ҳадис мактабини ташкил этилиши, табаррук ҳадис тўпламларини ўқиб, амал қилиш, ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш имкониятларини янада кенгайтирди. Ҳадис китобларининг бирор ватанда ва халқда борлигининг ўзи барака, яхшилик, тинчлик-омонлик, фаровонлик ва бошқа хайрли ишларнинг сабабчисидир. Бу борада машҳур муҳаддис Ибн Дақийқ ал-Ийд раҳматуллоҳи алайҳнинг қуйидаги машҳур гапларини келтиришимиз мумкин: “Мўғул истилочиларининг илк мағлубияти масжид ва мадрасаларда қилинган Бухорий хатмларидан сўнг бошланган” (Абдулазиз Деҳлавийнинг “Бўстонул муҳаддисийн” китоби, 223-бет). Демак, Ислом олами мўғулларнинг истибдоди остида қолганда улуғлар маслаҳатлашиб, кушойиш мақсадида, балони даф қилиш ниятида Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ларини ўқиб, хатм қилиб туришни таклиф қилганлар. Ихлос ва яхши ният ила бу муборак китобни ўқишни бошлаб, уни хатм қилиш билан кушойиш келди, ёв енгила бошлади, мусулмон юртлари бирин кетин душман истибдодидан озод бўлди. Жамият ва шахс камолотида иймон, эътиқод масаласини олий мақом асосида йўлга қўйиш ва тутиб туришда ҳадис китобларининг ўрни жуда муҳимдир.

Тақдимотда сўзга чиққанлар ушбу асарнинг ўзбек тилига изоҳли таржима қилинишининг аҳамияти, бу йўлда хизмат қилган уламоларимизнинг меҳнатлари, муҳтарам Президентимиз томонларидан буюк алломаларимиз, уларнинг илмий меросларини ўрганиш бўйича қаратаётган эътиборлари ҳамда Ўзбекситон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳамда  барча диний соҳа ходимларининг хизматлари эътироф этилди. Тадбир сўнгида “Олтин силсила” асари 6-8-жузларининг илк нашри Имом Бухорий номи билан аталадиган жоме масжид ва ҳадис илми мактабига тақдим этилди. Ижодкорлар олдидаги галдаги вазифа ишончли деб эътироф этилган тўққизта ҳадис тўпламининг иккинчиси “Саҳиҳи Муслим”нинг таржимасига киришишдир. Зеро бу буюк манбаларни таржима қилиб, халқимизга тақдим этиш фақат яхшиликка, хайру баракага сабаб бўлади, иншааллоҳ.

Манба: http://sammuslim.uz

 

Read 2924 times

Янгиликлар

Top