Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат Сирдарё вилояти масжидлари билан танишди

Бугун, 19 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Сирдарё вилоятига сафарлари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сирдарё вилояти вакиллиги фаолияти, масжидлар ҳолати, имом-хатиблар ишлари ва қабристонлар ҳолати билан яқиндан танишдилар.
Муфтий ҳазратлари дастлаб Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида жойлашган “Қаропчи” қабристонига бордилар. Ушбу қабристон яқин-яқингача қаровсиз ҳолатда бўлиб, зиёратга келган кишиларнинг кўнгли хира бўлар эди. Айниқса, қабристон ташландиқ аҳволга келиб қолгани, девор билан ўралмагани, ободонлаштиришга етарли эътибор қаратилмагани кўпчиликни ранжитарди.
Хабарингиз бор, шу йил 13 февраль кунги Жиззах вилоятидаги диний соҳа ходимларининг сайёр йиғилишида Вазирлар Маҳкамасининг “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида қабрларни озода сақлаш, қабрларни оддий шаклда қилиш тавсия этилган эди. Шу муносабат билан ҳудудлардаги бундай савобли ишларга катта эътибор қаратила бошланди.
Мана шундай ишлар Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида жойлашган “Қаропчи” қабристонида ҳам амалга оширилди. Ўтган қисқа вақт мобайнида вилоят ҳокимлиги, имом-хатиблар ташаббуси ҳамда савобли ишга ҳисса қўшиш истагида бўлган кўплаб маҳаллий аҳоли кўмагида “Қаропчи” қабристонида ҳашар ишлари олиб борилди. Қабристон ҳудуди тартибга келтирилди, қаровсиз қабрлар лой билан сувалди, ариқ ва йўлаклар тозаланиб, чор атроф ободонлаштирилди.
Муфтий ҳазратлари марҳумларнинг ҳоки поклари қўним топган масканларни обод этиш ва уларнинг ҳақларига дуолар қилиш савобли амал экани, қабристонларни саранжом-саришта қилиш ва қабрларни оддий шаклда бўлиши дини мубинимизнинг талаби эканини алоҳида таъкидладилар.
Сафар давомида муфтий ҳазратлари Гулистон шаҳридаги “Гулистон”, Мирзаобод туманидаги “Маданият” ва Оқ олтин туманидаги “Ҳазрати Али” жоме масжидларига ташриф буюриб, ушбу масжидларда мўмин-мусулмонлар учун ташкил этилган шарт-шароитлар, намозхонлар ибодат қилишлари учун яратилган қулайликлар ва масжид ходимларининг фаолияти билан яқиндан танишиб, ушбу йўналишлар бўйича муҳим топшириқлар бердилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги фаолияти билан яқиндан танишиб, вилоят бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров ва бош имом-хатибнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Раҳима опа Искандарова билан иш фаолият юзасидан мулоқот ўтказдилар. Ушбу масъулларнинг меҳнат самарадорлигини ошириш юзасидан тавсиялар берилди.
Муфтий ҳазратнинг Сирдарё вилояти сафари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2572 times

Янгиликлар

Top