Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Халқаро форумда иштирок этади

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан жорий йилнинг 21-23 февраль кунлари юртимизда I Халқаро зиёрат туризми форуми бўлиб ўтади.

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этиш, айниқса, уни ислом дунёсидаги зиёрат туризми марказларидан бирига айлантириш мақсадида ташкил этилаётган мазкур тадбир жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Унда ислом дунёсидаги етакчи халқаро ташкилотлар, машҳур дин уламолари, илмий-академик доиралар, зиёрат туризми соҳасидаги сайёҳлик компаниялари иштирок этиши бунинг яққол тасдиғидир.
Ушбу йирик тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, таниқли уламолар, жойлардаги бош имом-хатиблар, диний таълим муассасалари раҳбарлари ҳам иштирок этади.
Ислом дунёсидаги энг нодир ва ноёб Қуръони карим намуналаридан бири — Ҳазрати Усмон Мусҳафи Ўзбекистонда экани, муҳаддислар имоми, ҳадис илми олимларининг устози Имом Бухорий, йирик муҳаддислар Имом Термизий, Имом Доримий, Нақшбандия тариқатининг кўплаб етук издошлари бизнинг заминимизда камол топгани ва сўнгги манзиллари шу ерда экани, қолаверса, бир қанча диний марказларнинг мавжудлиги шундан далолат беради.
Ушбу тарихий ва табаррук қадамжоларга зиёрат ҳамда саёҳат қилиш учун ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан минглаб сайёҳлар ташриф буюрмоқда.
Ушбу нуфузли тадбирни ёритиш учун Европа ва Осиёнинг кўплаб ОАВ вакиллари юртимизга етиб келди. Улар орасида “EuroNews” (Франция) ва “Al Jazeera” (Қатар) телеканаллари, “Аl-Аhram al-Iqtisadi” (Миср) журнали, “Diplomatic News” (Покистон), “Коммерсант” Россия), “Al-Vajxat” (Ўмон) va “Al Hayat” (Саудия Арабистони) газеталари вакиллари борлиги эътиборга моликдир.
I Халқаро зиёрат туризми форуми иштирокчилари уч кун давомида юртимиздаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш баробарида, бу ерда сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишадилар. Шунингдек, Ўзбекистоннинг зиёрат туризми марказига айлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, ҳаётга татбиқ қилинаётган лойиҳалар ҳақида қимматли маълумотларга эга бўладилар.
Форум жараёнларини бизнинг сайтимизда кузатиб боринг.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2029 times

Янгиликлар

Top