Ўзбекистон янгиликлари

Индонезиялик шайх Иброҳим Зайнул самарқандлик уламолар авлоди бўлган

Айни вақтда Бухорода давом этаётган форум доирасида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятини оширишга ва хорижий тажрибага асосланиб янги туризм маҳсулотларини шакллантириш мавзусида мулоқотлар бошланди.

Унда ислом динининг тарқалишида ўзбек олимларининг ҳиссаси, мусулмон сайёҳлар учун халқаро рейтинг ва унинг мамлакат нуфузини оширишдаги ўрни, туризмнинг маданий меросга таъсири каби мавзулар муҳокама қилинди. Хорижий меҳмонларнинг маърузалари тингланди.

Мухлис Ҳанафи, Индонезиядаги “Истиқлол” музей директори: – Индонезия ҳудудида ислом динининг тарқалишида Ўзбекистон олимларининг ўрни беқиёс. Бухоро Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф ар-Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд каби илм оламида танилган инсонлар юрти.

Милодий 9-15 асрларда юртингизда илм ва маданият энг юксак даражага етгани тарихий ҳақиқат. Бизнинг кўпгина манбаларимизда исломнинг энг машҳур намояндалари дарёнинг ортидан келгани қайд этилган.

Шаҳарлар мисолида айтадиган бўлсак, Бухоро, Самарқанд, Хоразм каби шаҳарларингиз Арабистондаги Боғдод ва Халафа билан машҳурлик борасида рақобатлаша олади. Бухоро Қоҳира, Самарқанд Бобил, Рим каби шаҳарлар билан илм- фан борасида тенгсиздир.

Индонезиядаги уламолар учун дарслик сифатида фойдаланиладиган суфийлик тариқати асосчиси Баҳоуддин Нақшбанднинг асарлари биз мусулмонлар қалбида ўчмас из қолдирган.

Биздаги таниқли Шайх Иброҳим Зайнул юртингизнинг машҳур зотлари – Самарқандийлар авлоди бўлгани ҳақида китобларимизда келтирилган. Аммо, биздаги аҳолининг катта қисми исломни араб давлатларидан кириб келган деб ўйлайди.

Агарда уларга юртингиз ҳақида кўпроқ тарғибот ишлари олиб борилса, зиёрат туризми учун қулайликлар яратилса, бундай тушунчадан чекинган бўларди.

Хорижий меҳмон ўз нутқида 1956 йил Индонезиянинг биринчи Президенти юртимизга келиб, Имом Бухорийни зиёрат қилгани ҳақида ҳам эслаб ўтди. Айни вақтда Нақшбандийнинг энг кўп издошлари яшаётган ушбу мамлакат билан Ўзбекистон давлати алоқалари ривожланишидан ҳар икки давлат манфаатдор бўлишини эса алоҳида қайд этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2361 times

Янгиликлар

Top