Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг биноси жаҳон ислом архитектурасининг фахри бўлади
Бу ерда тарих яратилмоқда
 
Нафақат юртимиз, балки кўпчилик хорижий мамлакатлар халқларининг ҳам тили ва дилидан жой олишга улгурган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг қурилиш майдончасига кираверишда ана шундай илҳомбахш ёзув битилган.
 
Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасида бунёд этилаётган тарихий марказ биноси билан танишар эканмиз, йўл-йўлакай унинг бир ярим йиллик фаолияти ва истиқбол режалари ҳақида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров сўзлаб берди.
 
Ғоясига мос маҳобатли бино
 
– Дунё шиддат билан ўзгармоқда. Илмий-техник тараққиёт инсонга яратилган неъматлар миқдори ва кўламини кенгайтирмоқда, турмуш тарзи юксалиб бормоқда. Айни пайтда табаррук ислом динимизнинг мазмун-моҳиятини нотўғри тушуниш, нотўғри талқин қилиш сабабли турли экстремистик гуруҳларга қўшилиб қолаётган, диний мансублигига қараб бошқаларга тазйиқ, босим ва зўравонлик муносабатида бўлаётганлар сони камаймоқда, деб айта олмаймиз. Ўз моҳиятига кўра тинчлик, инсонпарварлик, юксак ахлоқ ва бунёдкорлик дини бўлган исломни сохталаштиришдан ҳимоя қилиш, террор ва экстремизм ғояларига қарши воситани ислом динининг юксак шиорларидан топиш керак.
 
1.JPG
 
Шу мақсадда 2017 йил 23 июнда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 2017 йил 1 сентябрь куни давлатимиз раҳбари Ҳазрати Имом мажмуасида ташкил этилаётган Ислом маданияти маркази номини Ислом цивилизацияси маркази деб ўзгартиришни таклиф этди. Ушбу таклифни ҳамма бирдек мамнуният билан қабул қилди.
 
32.JPG
 
Президентимиз Ҳазрати Имом мажмуасида бир неча марта бўлиб, марказнинг қурилиш жараёни билан танишди. Марказ қурилиши бўйича тақдим қилинган лойиҳага алоҳида эътибор қаратиб, бу марказ бизнинг ислом маърифати тарғиботидаги юзимиз бўлишини, шундай экан, унинг ташқи кўринишидан тортиб, бу ерда ишлатиладиган қурилиш материалларигача эътибор бериш лозимлигини таъкидлади.
 
7.JPG
 
Марказ учун 9,1 гектар майдон ажратилган. Бино миллий анъанавий усулда қурилмоқда. Ушбу ҳудудга кираверишда кўзингиз дастлаб “Бу ерда тарих яратилмоқда”, деган ёзувга тушади. Дарҳақиқат, бу ерда узоқ кутилган тарихий маскан қад ростламоқда. Марказ, аввало, меъморий ва бинокорлик нуқтаи назаридан ниҳоятда улуғвор, муҳташам ва ноёб бўлади. Куни кеча марказга ташриф буюрган озарбайжонлик журналистлардан бири “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг биноси жаҳон ислом архитектурасининг фахри бўлади”, деди.
 
Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасаси пештоқига “Илм олиш ҳар бир мўмин ва мўмина учун фарздир”, деб ёзиб қўйилган. У мадраса узоқ йиллар давомида олийгоҳ вазифасини бажарган. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ислом цивилизацияси марказининг асосий кириш қисми Улуғбек мадрасасидан андоза олинган ҳолда бунёд этилмоқда.
 
Жаҳолатга қарши маърифат билан курашамиз!
 
Бу ерда юртимиздан етишиб чиққан буюк ислом уламолари, жаҳон маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ мутафаккирлар, рассом ва хаттотларга оид бой маълумотлар мужассам бўлади. Ушбу мажмуа ўзида нодир экспонатларга бой Ислом санъати музейи, кутубхона ва қўлёзмалар фондини мужассам этади. Буюк аждодларимиз томонидан асос солинган илмий, диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма, тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори-атиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий-тадқиқот ишлари, видео-фото ҳужжатлар билан бойитилади. Шу билан бирга, бу ерда кенг кўламли илмий-тадқиқот ишлари ҳам олиб борилади. Болалар фонди ташкил этилиб, унда ёшлар учун турли тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади. Махсус делегацияларни қабул қиладиган, илмий тадқиқотлар олиб бориладиган ва диссертациялар ҳимоя қилинадиган хоналар бўлади. Бу ерга ташриф буюрувчилар учун бир вақтнинг ўзида ислом оламининг ўнлаб энг ёрқин намояндалари ҳаёти ва фаолияти билан танишиш имконияти яратилади. Бундан ташқари, бинода 350 ўринли конференциялар зали ҳам барпо этилмоқда.
 
12.JPG
 
Марказда, маҳаллий ва чет эллик мутахассисларни кенг жалб этган ҳолда, илмий-тадқиқот ишлари йўлга қўйилиб, натижаларидан кенг жамоатчилик хабардор қилиб борилади. Жаҳон аҳлини бир мақсад – жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида бирлашишга чорлайдиган турли анжуманлар, маърифий тадбирлар ўтказилади.
 
Бугунги кунда тобора катта аҳамият касб этаётган динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни самарали йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нуфузли халқаро илмий муассаса ва тузилмалар, жумладан, ЮНЕСКО, АЙСЕСКО каби ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқда.
 
13.JPG
 
Марказга нодир китоблар коллекцияси совға қилинди
 
Ўтган бир ярим йилда дунёнинг 11 мамлакати халқаро марказлари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Жумладан, Оксфорд ислом тадқиқот маркази, Париж миллий кутубхонаси, Араб дунёси институти, Россия – Саудия Арабистони қўшма меросни ўрганиш бўйича жамғарма, Сулаймония кутубхонаси қўлёзмалар фонди ва бошқа музей, марказ, жамғармалар билан ҳамкорлик амалга оширилмоқда. Париждаги Шарқ халқлари тиллари ва адабиёти кутубхонасига мамлакатимизда ўзбек тилида чоп этилган китоблар юбордик.
 
Бугунги кунгача 40 дан ортиқ мамлакатда марказимиз ҳақида тақдимотлар ўтказилди. Бу кўпчиликда қизиқиш ортишига, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро эътирофига сабаб бўлди.
 
31.JPG
 
Айни пайтда Россияда истиқомат қилиб келаётган тадбиркор ватандошимиз, санъат ва маданият, илм ва спорт ҳомийси Алишер Усмонов Ислом цивилизацияси марказига қиймати 8 миллион долларга тенг бўлган 4 минг 918 номдаги нодир китоблар коллекциясини туҳфа қилди. Ушбу бебаҳо коллекцияда шарқшунослик ва ислом оламининг Европага таъсирига доир XIII асрдан бошлаб то ҳозирга қадар лотин, инглиз, француз, немис тилларида чоп этилган ноёб китоблар жамланган. Ушбу китобларнинг инглиз тилидаги каталоги айни пайтда ўзбек тилига таржима қилинмоқда. Нодир китоблар орасида Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китобининг илк лотинча таржимаси ҳам бор. Шунингдек, ўта ноёб саналган “Мусулмон манбаларини таржима қилиш учун лотинча-арабча луғат” номли қўлланма ҳам мавжуд. Беруний, Фарғоний сингари улуғ аждодларимизнинг айрим асарлари йўқолиб кетган, бизгача етиб келмаган. Аммо бу асарларнинг лотин тилидаги таржималари сақланиб қолган. 1200-1300 йилларга тааллуқли ўша лотинча-арабча луғатлар ёрдамида аждодларимизнинг лотин тилидаги илмий мероси аслиятда қандай бўлганини бемалол ўрганишимиз мумкин.
 
Китоблар коллекцияси “Шарқ ва Ғарб”, “Шарқнинг Европага таъсири” каби икки катта бўлимдан иборат. “Зафарнома”нинг ҳам арабча, ҳам лотинча таржималари бор. 1636 йилда Лондонда нашр этилган икки жилдли арабча-лотинча луғатни таҳлил қилаяпмиз.
 
Аҳоли қўлида ҳам қўлёзма ва тошбосма китоблар бор. Ўша китоблар экспертлар хулосасига кўра баҳоланиб, сотиб олинмоқда. Америкадан бир ватандошимиз машҳур араб тарихчиси Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарийнинг 10 жилдли китобини марказга ҳадя тариқасида юборибди.
 
Ҳозир сотиб олинган қўлёзмаларнинг ўзи 1000 нусхадан ошди. Бундан ташқари, 800 дан ортиқ тошбосма асарлар йиғилди, 3 мингга яқин алломаларимизнинг замонавий нашрдаги китоблари мавжуд. Марказда электрон кутубхона яратилмоқда. Унда айни пайтда 30 мингга яқин китоб бор.
 
Марказ биносига кўчиб ўтсак, электрон кутубхонадан дунёнинг исталган нуқтасидан туриб фойдаланиш имконияти яратилади. Қўлёзмаларни ҳам электрон кутубхонага жойлаштирамиз. Ислом ҳамкорлиги ташкилоти билан ҳамкорликда ягона электрон кутубхона тузиш тўғрисида музокаралар олиб боряпмиз.
 
Хориждан қўлёзмаларнинг факсимиле нусхасини олиб келяпмиз. Масалан, Франциядан “Ал-жоме ал-саҳиҳ”нинг нусхасини олиб келдик. Истанбулдан Жалолиддин Румий “Маснавий”сининг бебаҳо нусхасини сотиб олишга муваффақ бўлдик. Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” асарининг 1650 йилда кўчирилиб, миниатюралар билан безатилган жуда нодир нусхаси олиб келинди.
 
Китоблар фонди кун сайин кенгаймоқда. Марказда реставрация цехи ишга туширилди. Бу ерда “касал” бўлган китоблар, қўлёзмалар тикланмоқда.
 
Сомонийлар давридаги Бухоро кутубхонаси Искандария кутубхонасидан кейин иккинчи ўринда турган. Бизнинг ҳам шунақа бой ва ноёб китоблар фондини яр
атиш ниятимиз бор. Фаолиятимизни 100 минг жилд билан бошлаш, китоб фондини 200 мингга етказишни режалаштирганмиз.
 
Президентимиз юқори малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор бермоқдалар. Чунки бу замон талабидир. Биз диний, илмий соҳада етук кадрлар тайёрлашга ҳам ҳисса қўшамиз. Хаттотлик, муқовасозлик, эски турк (чиғатой тили), араб, форс, лотин, инглиз ва француз тилларини ўргатиш ва улар орқали манбашуносликни кенг йўлга қўйиш бўйича ҳам ишлар қилинади.
 
Марказ биноси 2020 йил кузда фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда. 2020 йил ноябрь ойида Ўзбекистон Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг Фан ва Технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Доимий қўмитаси саммитига мезбонлик қилади. Ўшанда, насиб этса, Ислом цивилизацияси маркази конференциялар зали ўзининг илк меҳмонларини қабул қилади. 

 

Хуршид Қодиров, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА
 
Манба: http://uza.uz
Read 3055 times

Янгиликлар

Top