Ўзбекистон янгиликлари

Бухородаги тарихий обида XVII аср ҳолатига қайтарилди

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим 

Тарихан қисқа давр ичида, мустақиллик йилларида ўз кучимиз ва салоҳиятимизга таянган ҳолда муқаддас қадриятларимизни, тилимиз ва динимизни қайта тиклаб, бугунги кунда ҳар соҳада мустақил тараққиёт йўлидан ривожланиб бораётган эркин, демократик давлатга айландик.

Аллоҳнинг фазли билан халқимизнинг маънавияти ва миллий қадриятлари қайта тикланди. Бугунги кунга назар ташласак, пойтахтимиз, барча вилоят ҳамда шаҳарларда, қишлоқларимиз, ҳатто юртимизнинг чекка ҳудудларида ҳам катта ўзгаришлар рўй бераётганига гувоҳ бўламиз. Юртимиздаги барча тарихий обидаларимиз, масжидлар ва мадрасалар қайта таъмирланмоқда.

Жумладан, диний ва дунёвий илмларнинг асослари яратилган ва сайқал берилган замин Бухоро вилоятининг “Жўйбори Калон” ўрта махсус ислом билим юрти кириш қисми, дарвозахонаси ва пештоқи XVII аср ҳолатига қайтарилди.

Билим юрти дарвозахонаси безаксиз ҳолатда эди. Ҳозирда кириш қисми пештоқининг безаклари баҳор гуллари рангидай кошин билан парчинкорий қилинди.  

Машҳур ганчкор уста Бахтиёр Ҳамроев ўзининг шогирдлари бўлмиш уста Амин билан биргаликда ислимий ва геометрик нақшлар асосида гулдасталар, оқ, кўк, зангори рангли сиркор безаклар билан моҳирона ижод қилишди. Нақшларнинг янада мукаммал, жозибадор бўлишига ўзларининг бебаҳо ҳиссаларини қўшишди.

Билим юрти жамоаси XVI - XVII асрларда мадрасанинг меъморий безаклари, рангтасвири, жозибали меъморчилик санъати қандай юксак эътиборга эга эканлиги ҳақида умумий тасаввур ва тушунча ҳосил қилдилар.

Ота-боболаримиз қурдириб, бизга мерос қолдирган обидаларни таъмирлаб асраш барчамизнинг бурчимиздир.

 

Роҳат Муҳаммадшоева,

Жўйбори Калон ўрта махсус Ислом билим юрти

маънавият ва маърифат ишлари мудир ўринбосари

Read 2767 times

Янгиликлар

Top