Ўзбекистон янгиликлари

“Сиз бизга кераксиз” тадбири Қорақалпоғистон ва Хоразмда ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари туғрисида”ги Фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 9-10 март кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда "Вақф" хайрия жамоат фонди ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” ва Тўрткўл туманидаги “Тўрткўл” жоме масжидлари, Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги марказий – “Охун бобо” масжидида эшитиш ва сўзлаш билан боғлиқ ногиронлиги бўлган инсонлар иштирокида диний-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди раиси ўринбосари Зоҳиджон Тўраев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакирова ва ЎМИнинг ҳудудлардаги вакиллари, диний соҳада фаолият олиб бораётган шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари ва етакчи отинойилар иштирок этди.

Ушбу тадбирларда жами 320 нафардан ортиқ эшитиш ва гапириш қобилиятида нуқсони бўлган шахсларга Ислом дини ҳақида ҳадис ва оятлардан мисоллар келтириб, тушунчалар берилди.

Иштирокчилар ногиронлиги бўлган кишилар учун диний-маърифий тадбирларни ташкил қилиб, қалбларига ҳидоят нурини етказгани учун барча мутасадди ташкилотларга ўзларинининг самимий миннадорчиликларини билдирдилар.

Нукус ва Тўрткўлда ўткан тадбирларда “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан тадбир иштирокчиларига 8,5 миллион сўмлик совғалар ҳамда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти томонидан “Намаз китабы” ва “Ибадати исламия” китоблари бепул тарқатилди.

Хоразмда ўткан тадбирда “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари ўринбосари Зоҳиджон Тўраев сўзга чиқиб, Фонд томонидан бугунги кунда амалга оширилаётган хайрия ишлари, саховат тадбирлари ҳақида маълумот берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакирова ушбу йўналишда Диний идора ташаббуси билан бутун республика миқёсида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил гапириб берди.

Ҳар жума куни Урганч шаҳар “Кўзли ота” масжидида жума маърузалари Сурдо таржимаси асосида олиб борилиши маълум қилинди.

Тадбир сўнгида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан хоразмлик эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган шахсларга совғалар топширилди. Тадбирдан кейин бемор, имконияти чекланган ногирон кишиларнинг уйларига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олинди.

 

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Read 2282 times

Янгиликлар

Top