Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистондаги масжидларда Янги Зеландиядаги террорчилик оқибатида ҳалок бўлганларга бағишлаб тиловатлар қилинди

2019 йил 15 март куни бир гуруҳ террорчилар Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳридаги “ал-Нур” ва “Линвуд” масжидларида жума намозидан сўнг бостириб кириб, намозхонларни ўққа тутиши оқибатида 50 дан зиёд киши ҳалок бўлди, 49 нафар киши яраланди. Мазкур мудҳиш воқеа дунёдаги барча мўмин-мусулмонларни чуқур қайғуга солди.
Бутун дунё мўмин-мусулмонлари, уламолари, дин ва давлат арбоблари ушбу уюштирилган террорчилик оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардликлар билдирмоқдалар.
Шу муносабат билан Янги Зеландиядаги “ал-Нур” ва “Линвуд” масжидларида террорчилик оқибатида ҳалок бўлганларнинг ҳаққига шу йил 17 март куни юртимиздаги барча жоме масжидларда пешин намозидан сўнг Қуръони карим тиловатлари ва дуолар қилинди. Шунингдек, диний таълим муассасаларида хатми Қуръонлар ўтказилиб, ҳалок бўлганларнинг руҳи-покига бағшида этилди.
Террор оқибатида вафот этиб, раҳмати Раҳмонга эришганларга, Жаноби Ҳақдан раҳматлар, мусибатли хонадон аҳлларига сабру жамийл тилаб қоламиз. Жароҳат олганларнинг тез фурсатларда шифо топишларини истаймиз.
Аллоҳ таоло ҳеч бир ўлкага ва халқнинг бошига бундай оғир мусибат солмасин ва чуқур қайғу-аламли ҳодисаларни кўрсатмасин. Жаноби Ҳақдан юртларимизни террор балосидан, самовий ва арозий бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида асрашини сўраймиз.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2519 times

Янгиликлар

Top