Ўзбекистон янгиликлари

“Вақф” фонди ижтимоий тармоқлардаги  хабарларга муносабат билдирди

Бугун Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар, янгиланишлар нафақат юртимиз одамларини, балки узоқлардаги барча дўсту ёрларимизни хурсанд қилмоқда.
Давлатимиз Раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари асосида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Ўтган вақт мобайнида Фонд томонидан жуда кўп хайрия тадбирлари ўтказилди, ёрдамга муҳтож оилаларга моддий кўмаклар берилди, ногиронлиги бор шахсларга аравачалар тарқатилди ва талабаларнинг ўқув контрактлари тўлаб берилди. Бундай хайрия ишлари жадал давом эттирилмоқда.
Шу кунларда баъзи бир ижтимоий тармоқларда “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳақида асоссиз гаплар тарқалди.
Фонд фаолияти билан таниш бўлмаган ва унинг шаффофлик механизмларидан хабари йўқ баъзи инсонларнинг унинг фаолиятига нисбатан ўринсиз айбловларни билдириши мумкин.
Фонд фаолияти vaqf.uz сайтида яратилган электрон ҳисоблаш тизими орқали жамоатчиликка яққол кўриниб туради. Унда бир кун, бир ҳафта ҳаттоки бир ой мобайнида келиб тушган маблағлар ҳақида ҳисобот онлайн режимда намоён бўлади. Шунингдек, Фонд фаолиятини мустақил кузатувчилардан иборат махсус ҳайъат томонидан назорат қилиб борилади.
Фонд фаолиятининг доимий равишда ёритилиши орқали қанча маблағ қайси йўналишда сарфлангани, кимларга қанча миқдорда моддий кўмак кўрсатилгани ҳақида маълумотлар сайт ва телеграм каналлари орқали бериб борилмоқда.
Фонд раҳбари томонидан ҳар чоракда матбуот анжумани уюштирилган ҳолда жамоатчилик ва ОАВ вакилларига ҳисобот бериб бориш тизими эса фаолиятни таҳлил қилишда қўл келмоқда. Ҳатто Фонд фаолияти ҳисоботи Саудия Арабистони шаҳарларида ҳам амалга оширилди.
Фонд томонидан зиёратгоҳлардан келиб тушадиган маблағлар инкассация хизматлари ходимлари томонидан қабул қилиниб банкка топширилади, сўнг ўрнатилган тартибга асосан тақсимланган ҳолда эҳтиёжлар учун йўналтирилади.
Айрим ижтимоий тармоқларда бирёқлама, ассосиз ёндашувларни тарқатишдан кўзланган мақсад одамларни ҳақиқий ҳолатдан чалғитиш, уларда ишончсизлик уйғотиш, юз йилдан кейин қайта тикланган буюк исломий қадриятни яна йўқ қилишдан иборатдир.
Бошқа қатор ишларда бўлгани каби дин соҳасидаги ишларнинг бош ташаббускори муҳтарам Президентимиз экани бундай кимсаларни қаттиқ саросимага солмоқда. Айниқса, авваллари номини ҳам айтишга киши чўчийдиган, исломий қадрият бўлган “Вақф” хайрия жамоат фондинини Давлатимиз раҳбари томонидан ташкил этилиши, кутилмаган ташаббуслар қилиниши, ислоҳотлар амалда ўз ифодасини топаётгани бундай кимсаларни эсанкиратиб қўйди.
Инсон дунёга муккасидан кетиб, охиратини унутиб, ҳар ишга қўл урмаслиги керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўрингиз, билмай бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлмангиз”, деб огоҳлантирган (Ҳужурот, 6). Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ёлғон гувоҳлик берувчининг икки оёғи қўзғалмай туриб, Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилади”, деганларини баён этди.
Азиз юртдошлар, ҳар бир мўмин-мусулмон киши бундай ёлғон-яшиқларга, миш-миш гапларга учмаслиги, фитналардан огоҳ бўлиши даркор. Набий алайҳиссалом муборак ҳадисларида: “Кишининг ёлғончилигига ҳар бир эшитганини гапиравериши кифоя қилади”, деб айтганлар.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ушбу ёлғон хабар нафақат журналистик одоб-ахлоқ меъёрлари, балки инсонийлик тамойилларига ҳам умуман тўғри келмайди. Аниқ ахборот олиш, уни тўғри етказа билиш бугунги кун журналистининг шиори бўлиши керак. Акс ҳолда, уни ўқувчининг ўзи элакдан ўтказиб қўйиши турган гап.
Аллоҳ таоло ҳаммамизга инсофи тавфиқ берсин.


“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Read 2261 times

Янгиликлар

Top