Ўзбекистон янгиликлари

Улуғ муфассир ва машҳур тафсирга бағишланган семинар

Бугун, 27 март куни Самарқанд вилоятида “Маҳмуд аз-Замахшарий ва унинг ал-Кашшоф асари” мавзусидаги диний соҳа ходимларининг илмий-амалий семинари бўлиб ўтди.
Тадбир Қуръони карим оятлари тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари илмий-амалий семинарни кириш сўзи билан очиб, шундай сўзларни айтдилар:
– муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий ва илмий-ижодий соҳаларда катта тарихий воқеалар юз бермоқда. Жумладан, қўлёзма асарларни ўрганиш ва тадқиқ этиш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда. Шу мақсадда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияси Миср, Туркия ва Татаристон каби мамлакатларда хизмат сафарларида бўлишди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси китоб фондида 3 минг жилд қўлёзма, 17 минг жилд тошбосма китоблар мавжуд. Энг ноёб қўлёзмалардан бири – Маҳмуд аз-Замахшарийнинг “ал-Кашшоф” асаридир. Ушбу асарни ҳар томонлама ўрганиш ва аҳамиятини жамоатчиликка етказиш мақсадида, ушбу илмий-амалий сайёр семинар ташкил этилди.
Илмий-амалий семинарда Диний идора Котибият бўлими мудири Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов Маҳмуд аз-Замахшарий улуғ муфассир, Ислом илмларининг деярли барча соҳаларида чуқур илмга эга бўлган олим, араб тили грамматикасини ишлаб чиққан ва илм-фаннинг кўплаб соҳаларида шуҳрат қозонган забардаст уламо экани тўғрисидаги маълумотларни келтирди.
– Маҳмуд аз-Замахшарий тафсир, фиқҳ, қироат, тилшунослик, адабиёт, жўғрофияга оид олтмишга яқин асар таълиф этган. Унинг энг машҳур асари “ал-Кашшоф”китобидир. Имом Замахшарий ижодларининг энг мўътабари “ал-Кашшоф” номли тафсир ҳисобланади. Ушбу асарнинг тўлиқ номи “Ал-Кашшоф ан ҳақоиқит-танзийл фи вужуҳит-таъвил” деб номланади, дея ушбу асарнинг мазмун-моҳияти ҳақида нутқ қилди Фатво бўлими мудири Хомиджон Ишматбеков.

Шунингдек, илмий-амалий семинарда Сурхондарё вилоятидаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Убайдулла Уватов “Маҳмуд аз-Замахшарийнинг маънавий мерослари”, Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Пардаев “Имом аз-Замахшарийнинг “ал-Кашшоф” асарида эътиқодий масалаларнинг ёритилиши” мавзуларида маърузалар ўқишди.
Семинар якунида мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2257 times

Янгиликлар

Top