Ўзбекистон янгиликлари

Умра зиёратидаги юртдошларимиз мамнун

Шу кунларда бир гуруҳ ўзбекистонлик зиёратчилар Саудия Арабистонида умра зиёратини адо этмоқдалар. Ўзбекистондан Умра амалларини адо этиш ниятида муборак заминга етиб борган фуқароларимиз Маккаи Мукаррамадаги 5 юлдузли Al Kiswah Hotel Towers меҳмонхонасида истиқомат қилишмоқда.
Макка шаҳридаги ишчи гуруҳи аъзоси Мирзатилло Алихоновнинг билдиришича, зиёратчиларимизга Маккаи Мукаррамада замонавий ва осмонўпар меҳмонхона ўзбекистонлик зиёратчилар хизматида бўлмоқда. Айни кунда, зиёратчилар ибодатларини чиройли ва мукаммал адо этишлари учун меҳмонхонада барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Ушбу қўнимгоҳ жуда ҳам ҳашаматли бўлиб, Макка шаҳрининг узоқ-узоқ чеккаларидан ҳам кўриниб туради.
Меҳмонхонанинг кенг зали киши диққатини ўзига тортади. У ерда янги, қулай ўриндиқлар жойлаштирилган бўлиб, кўчадан чарчаб келган одам учун салқинланиб олишга мўлжалланган.
Зиёратчи ўз хонасига кўтарилмоқчи бўлса, бир нечта лифтлар ишламоқда. Ҳар бир хонада озода кўрпа-ю чойшаблар тўшаб қўйилган. Хонадаги телевизор орқали Каъбаи муаззама ёки Масжидун Набавийни тўғридан-тўғри томоша қилиб ўтиришлари мумкин. Шунингдек, ҳар бир хонада кийим жавони, ёзув столи, совутгич ва музлатгич ҳам ҳозирланган.
Ўзбекистондан борган моҳир ошпазлар зиёратчиларимизга ўзларини ҳудди ватандагидек ҳис этишлари учун миллий таомларимиз ва лазиз ширинликларни ҳам тортиқ этишмоқда. Бундан зиёратчиларимиз бениҳоя мамнун. Шунингдек, зиёратчиларимиз Ҳарами шарифда ибодатларини адо этишлари учун туну кун замонавий автобуслар хизмат қилмоқда.
Ишчи гуруҳи томонидан меҳмонхонада тиббиёт бўлими ва Ўзбекистон Ишчи гуруҳи штаби ташкил этилган бўлиб, тиббиёт бўлими ҳам керакли ўриндиқ ва ётоқ мебеллари билан таъминланган.
Бир сўз билан айтган-да, зиёратчиларимизга барча шарт-шароитлар энг юқори даражада муҳайё қилинган, энг асосий мақсад эса уларнинг ибодат ҳаловатларини топишларига хизмат қилишдир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 2653 times

Янгиликлар

Top