Ўзбекистон янгиликлари

Ҳадис илми мактабига нодир китоблар совға қилинди

Ўтган куни, китоб мутолааси орқали ёшлар таълим-тарбиясини яхшилаш ва илм-маърифатини оширишга оид ташаббусга мос равишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудирлари Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов ва Камолиддин Маҳкамов Самарқанд вилоятидаги олий диний таълим муассасаси ҳисобланган – Ҳадис илми мактабига ўзларининг шахсий кутубхоналаридан энг нодир ва ноёб асарларни совға қилдилар.
Тақдим этилган китоблар орасидаги Абу Лайс Самарқандийнинг “Тафсиру Самарқандий”, Имом Моликнинг “Муватто”, Бадруддин Айнийнинг “Ал-Баная Шарҳул Ҳидоя”, Мулла Али Қорийнинг “Фатҳу бабил Иноя” ва Ибн Манзур Мисрийнинг “Лисанул Араб” номли асарлар талабалар учун муҳим қўлланма бўлади, иншо Аллоҳ.
Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов илму маърифатли инсон бўлиш учун, аввало, пухта билим олиш зарурлиги, кўп китоб мутолаа қилиш муҳимлигини айтиб, китоб ва унинг мутолаасининг фойдалари ҳақида сўзлади.
Забардаст уламолар ва мутафаккирлар китобга шу қадар меҳр қўйган эдиларки, ҳатто тунлари шам ёруғида бўлса ҳам китоб мутолаа қилганлар. Буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий ҳазратлари 12 ёшларида Қуръони каримни ёд олганлар, умрлари давомида олти мингдан зиёд ҳадисни ҳифз қилганлар. Мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари эса 7 ёшида Фаридиддин Атторнинг «Мантиқут-тайр» асарини ёд билган.
Сўзимизни Абдураҳмон Жомийнинг қуйидаги тўртлиги билан якунлаймиз.
Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда
Ғамхўринг бўлгай у ғамгин замонда.
У билан қол танҳо ҳеч бермас озор,
Жонингга юз роҳат беради такрор.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2769 times

Янгиликлар

Top