Ўзбекистон янгиликлари

Ўқувчи Алишер ўзгарди

Алишер Самарқанд шаҳридаги 19-умумий ўрта таълим мактабида 7-синфда ўқийди. Устозларининг сўзларига қараганда, мактабдаги тарбияси оғир, ерга урса осмонга сапчигувчи ўқувчилардан бири. Бугун, 16 апрел куни мактабда белгиланган маърифий тадбир доирасида Самарқанд шаҳар “Лаҳутий” жоме масжиди имом-хатиби Ўткир Умирқулов Алишер ўқиётган синфга кириб, “Маърифатнинг асоси гўзал ахлоқдир” мавзусида маъруза қилиб берди.

Имом-хатиб ўқувчиларга сўнгги пайтда ўзлари кўп эшитаётган - маърифат сўзининг асл моҳиятини тушунтириб берди. Шундан сўнг исломдаги гўзал хулқлар ҳақида сўзлаб, Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламнинг башариятга ибрат ва раҳмат бўлган муборак хулқлари, одоб ва ҳаёлари ҳақида ҳадислардан мисоллар келтириб ўтди.

Ўтмишда ўтган улуғ зотларнинг ҳаётларида содир бўлган ибратли воқеаларни сўзлаб берди.

Қизиғи,  45 дақиқага мўлжалланган суҳбат икки соат давом этди. Ўқувчилар имом домлани берилиб тинглашар, мавзу тугаб қолишини ҳеч исташмас эди. Айниқса, ярим соат ҳам бир жойда тинч ўтира олмайдиган шўх Алишер ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ таъсирланди. Имом домланинг ҳар бир гапи қалбига қандайдир бир илиқлик, раҳмат бағишлаганини суҳбатдан сўнг ўзи айтиб берди.

Айниқса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаларидан: «Хўш, кимни энг кучли одам деб ўйлайсизлар?» деб сўрадилар. Саҳобалар: «Рақибини тезлик билан енгадиган, йиқитадиган киши энг кучли бўлади», деб жавоб беришди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, ундай эмас. Жаҳли чиққанда ғазабини ичига юта оладиган киши энг кучлидир», деб айтган ҳадислари унга катта сабоқ бўлажагини таъкидлади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Read 2070 times

Янгиликлар

Top