Ўзбекистон янгиликлари

Дунёдаги энг катта Мусҳафлардан бири Самарқанддаги музейда сақланмоқда

Мазкур Қуръони каримнинг ҳажми ва тахланиши жиҳатидан Марказий Осиёда энг нодир нусхалардан бири ҳисобланади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Бу нусха Самарқанд қозикалони Мир Низомиддин Хожа ибн Мир Абдуғаффор Хожанинг маълумотига кўра, ҳижрий 1271 йилда (милодий 1854-1855-йилларда) Бухоро ҳукмдори Амир Насруллоҳ буйруғи билан самарқандлик котиб Мулло Ҳасан Самарқандий томонидан (сулс хатида Самарқанд қоғозига) кўчирилган. Китобнинг биринчи бетида Бибихоним масжидига вақф қилинганлиги ёзилган.

Кейинчалик Шоҳи зинда мақбарасига ўтказилган. Бу китоб ҳижрий 1298 йилда (милодий 1881-1882-йиллар) ва 1339 йилда (милодий 1922-1923-йилларда) таъмирланган. Таъмирлаш ишларида Мулла Абдураҳмон Мирсолиҳов, Порсохўжа Турсунхўжаев, ранги ўчган жойларини қайта ёзишда мулла Сайфиддин Абдусатторовлар қатнашган.

1939 йилда Шоҳи зинда мақбарасидан олиниб Самарқанд вилояти музейига (ҳозирги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи) топширилган.

Бу Қуръон 104х156 см бўлиб 32 варақдан иборат. Китоб унвони (номи) биринчи бетида бўлиб, зарҳал ҳарфлар билан ишлангандир. Ҳар бир бети бир бирига уланган варақлардан иборат бўлиб, ёғочдан ясалган тўртбурчак бўлмаларга маҳкамланган. Бурчаклари тери билан қопланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1902 times

Янгиликлар

Top