Ўзбекистон янгиликлари

Фарғона вилоятида қорилар билан учрашув ўтказилди

Яратганга беҳисоб шукроналар бўлсинки, ҳар йили Рамазони шариф кириб келиши билан юртимиз масжидлари хатми Қуръон садоларига бурканади. Йилдан-йилга хатми Қуръонлар масжидларимизда тартиб ва ўзгача тароватда ўтиб келмоқда. Қориларимиз сафи ортиб, қироатлари ҳам кўнгилларни мунаввар қилмоқда.

Муборак Рамазон ойи ташрифи яқинлашмоқда. Шу муносабат билан 23 апрель куни Фарғона вилоятида Рамазон ойида масжидларда хатми Қуръон ўтказиб берувчи қорилар ҳамда масжид ходимлари билан учрашув ўтказилди.

Фарғона вилоятида бу йили 189 та масжидда хатми Қуръон ўтказилиши режалаштирилган. Уларда 377 нафар ҳофизи Қуръон қорилар иштирок этадилар. Бу эса қорилар сони бўйича Андижон вилояти (415 та) дан сўнг энг яхши кўрсаткичдир.

Вилоят бош имом-хатиби жойларда таровиҳ намозларига тайёргарлик ҳамда қориларга тааллуқли ташкилий масалалар ҳақида сўзлади.  Учрашувда йилдан-йилга қорилар сонининг ортиб бориши халқимизга берилган улуғ неъмат эканлиги эътроф этилиб, юртимиздаги ободлик бардавом бўлишини тилаб дуо қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Read 1939 times

Янгиликлар

Top