Ўзбекистон янгиликлари

Саудия Арабистонда Ўзбeкистоннинг тақдимоти намойиш этилди

Саудия Арабистони Подшоҳлиги таълим ва тарбия тизимида ҳар йили ўрта мактаб ўқувчилари томонидан хорижий давлатлар тақдимоти мусобақасини ўтказиш анъанага айланган.

Яқинда ана шундай тадбирлардан бири Риёз шаҳрида жойлашган «Ал-Риссалаҳ» халқаро мактабида ташкил этилди. Мазкур таълим даргоҳининг 7 синфида таҳсил олаётган ватандошларимиз томонидан Ўзбекистон тақдимоти тайёрланди.

Мусобақа талабларига мувофиқ, Ўзбекистон стендида давлат атрибутлари, амалий санъат асарлари, тайёрланган ўзбек таомлари ва ширинликлари, миллий либослар ҳамда мусиқий асбоблар, маданий ва тарихий обидаларнинг суратлари намойиш этилди.

Унда ўзбекистонлик ўқувчилар юртимизнинг тарихи, замонавий давлат бошқаруви тизими, иқтисодиёти, маданияти, табиати, одамларнинг турмуш тарзи ва ўзбек заминида туғилиб, ижод қилган ҳамда дунё тамаддунига буюк ҳисса қўшган аллома ва мутафаккирлар ҳақида ўзбек, араб ва инглиз тилларида маълумот бердилар.

Ўзбекистон тақдимотини юксак баҳолашда, мактаб ўқувчилари ватанимиз маданиятини миллий либосларда ва ўзбек рақс санъати орқали ифодалаганлари, видео лавҳалар ёрдамида эса Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари билан таништирганлари, республикамизнинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида кенг маълумот берганлари асосий мезон бўлди.

Юртимизнинг Давлат мадҳияси янграган чоғда иштирокчилар қўлларини кўксига қўйиб диққат билан тинглаганлари тадбирнинг кулминацион нуқтасига айланди.

Маҳаллий таълим вазирлиги вакиллари, ишбилармонлар, устоз ва мураббийлардан ташкил топган мусобақа ҳакамлари гуруҳининг хулосасига кўра, 21 хорижий давлатнинг тақдимотлари орасида Ўзбекистон тақдимоти барча номинациялар бўйича ғолиб деб топилди.

Тадбир қатнашчиларининг айримлари Ўзбекистон тақдимоти бўйича ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Хусусан, «Ал-Риссалаҳ» халқаро мактаби бош директори Хусейн Алининг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда араб давлатлари, шу жумладан, Саудия Арабистони жамоатчилиги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга катта қизиқиш билан қарамоқда.

- Мазкур тадбир биринчи навбатда шу даргоҳда таҳсил олаётган ўқувчиларнинг ва тақдимот қатнашчиларининг дунёқарашини янада кенгайтирди. Ўзбекистондек бой тарихга эга бўлган мамлакатнинг дунё тамаддунига қўшган хиссаси хақидаги маълумотлар билан ўз билимларини бойитдилар, - деди у.

Туркиянинг Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги элчихонаси масъул ходими Метин Билге Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан фаол ҳамкорлигини юқори баҳолаб, қардош ўзбек халқига хурмати юксаклигини таъкидлар экан, мамлакат тарихи ва маданияти жуда ҳам бойлигини, ўзига хос кўринишда ташкиллаштирилган кўргазма эса ушбу тадбирга ўзгача кўрк бағишлаганини қайд этди.

«Ал-Риссалаҳ» халқаро мактаби ўқитувчиси Кенан Авандаз ўзбекистонлик ўқувчиларнинг иқтидори жуда юқорилиги, уларнинг ижодкорлиги ва билим савияси бошқа тенгдошларидан алоҳида ажралиб туришини билдирди.

- Тадбирда Ўзбекистон тақдимотидан жуда ҳам таъсирландим. Бу давлатнинг табиати, тарихий ёдгорликлари ва миллий маданиятига қизиқишим ортди ҳамда у ерга оилам билан биргаликда албатта сафар уюштираман, - дея таъкидлади у.

«Дунё» АА

Риёз

Манба: https://islom.uz

Read 2073 times

Янгиликлар

Top