Ўзбекистон янгиликлари

ТИКА қўлёзма асарларни сақлаш ва таъмирлаш бўйича ўқув курс ташкил этди

Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг Тошкент ваколатхонаси ташаббуси билан 2019 йилнинг 17-27 апрель кунлари “Қўлёзма асарларни сақлаш ва таъмирлаш” мавзусидаги ўқув-амалий курс ташкил этилди. Унинг очилиш маросимида Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эр жаноблари ва Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг Тошкент ваколатхонаси раҳбари Али Эҳсон Чағлар иштирок этиб, икки давлат ўртасида турли соҳаларда олиб борилаётган ҳамкорликнинг ижобий натижаларига ва келгусидаги уфқларига алоҳида эътибор қаратдилар. Маданий мерос манбаларини ўрганиш, уларни сақлаш ва таъмирлаш амалиётлари икки тараф мутахассислари учун тажриба алмашинув мактаби бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Мазкур ўқув-амалий курсида маърузачи сифатида Туркия қўлёзма асарлар кенгаши бошқармаси, Китоб шифохонаси ва архиви департаменти раҳбари Нил Байдар хоним ва Кўнё шаҳар қўлёзма асарлар минтақавий бошқармасининг бошлиғи Бекир Шаҳин жаноблари иштирок этмоқдалар.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона, Ўзархив/Кинофото ҳужжатлари марказий архив, Ўзархив, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази каби турдош ташкилотлардан соҳа мутахассислари иштирок этди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2220 times

Янгиликлар

Top