Ўзбекистон янгиликлари

Имом-хатиблар малакасини оширишда Туркия билан ҳамкорлик қилинади

Ўзбекистон Халқаро ислом академияси делегацияси Туркиядаги диний таълим тизимини ўрганиш ва ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида мазкур мамлакатда ташриф билан бўлиб турибди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси томонидан ишлаб чиқилган Анқара ҳамда Кўния шаҳарларидаги ташриф кун тартиби ҳам самарали кечди. Хусусан, Туркия Республикасининг илк олий таълим муассасаси – Анқара университети билан ҳамкорлик битими имзоланди.

Таъкидлаш жоиз, ушу университетнинг Илоҳиёт факультети ўз соҳасида Туркия тарихидаги дастлабки таълим масканидир. Ушбу факультет 1949 йилда ташкил этилган ва халқаро майдонда муносиб ўринга эга.

Туркия Президенти ҳузуридаги Диёнат ишлари бошқармасида бўлиб ўтган учрашувда имом-хатиблар малакасини оширишдаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Туркия Миллий таълим вазирлигида бўлган делегация аъзолари ушбу мамлакатнинг имом-хатиблар мактаби ва бошқа таълим даргоҳлари фаолияти билан яқиндан танишди.

Кўниядаги Олий диний таълимга ихтисослашган марказ, Диёнат ишлари бошқармасининг маҳаллий вакиллиги фаолияти, Салжуқ университети, Жалолиддин Румий мажмуасида зиёрат туризми билан боғлиқ намунавий ишлар мамлакатимиз делегацияси вакилларида катта таассурот қолдирди. Келгусида ушбу мажмуа фаолияти мисолида мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2087 times

Янгиликлар

Top