Ўзбекистон янгиликлари

“Раҳмат ойи Рамазон” рисоласи чоп этилди

Муборак рамазон ойи кириб келаётган фараҳбахш паллада “Мовароуннаҳр” нашриёти ижодий ходимлари яна бир савобли ишга қўл урди. Нашриёт “Раҳмат ойи Рамазон” рисоласини ўн минг ададда чоп этди.

Рисолага  сўз боши ёзган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари рўзанинг асл мазмунини қисқа ифодада соддагина қилиб тушунтириб ўтганлар: “Ҳар бир аъзонинг ўз рўзаси бор. Қалбнинг рўзаси Аллоҳ таолонинг зикридан тўсадиган нарсаларга берилишдан холи бўлиш; кўзнинг рўзаси ёмон, қайтарилган нарсаларга қарамаслик; тилнинг рўзаси ёлғон, ғийбат, чақимчилик, фаҳш гаплар, хусумат, мақтанчоқлик, бефойда – лағв сўзлардан тийилиб, Аллоҳ таолонинг зикри ва Қуръон тиловати билан машғул бўлиш; қулоқнинг рўзаси эшитиш мумкин бўлмаган барча нарсаларни эшитмаслик; қўл ва оёқларнинг рўзаси гуноҳ ишларга боришдан ва уларни қилишидан сақланишдир”.

Демак, ана шу ишларни жойига келтириб бажара олган одам рўзасини мукаммал тутиб, гуноҳларидан фориғ бўлади ҳамда кўпдан-кўп савоблар топади.

Рисолада  рўзанинг бирча жиҳатлари қамраб олинган ва мавзулар бўйича ёритилган.  Рўзага оид ояти карималар, ҳадиси шарифлар билан бошланган рисола рўзанинг тиббий фойдалари билан давом эттирилган. Рўзанинг фарзлари, рўзани бузадиган, бузмайдиган ҳоллар; рўзани қасдан бузишнинг каффорати, рўзадорга макруҳ амаллар, рўза тутмасликка узрли ҳоллар, узрлилар; рўзадор ахлоқи; Қадр кечасининг фазилати, фитр садақаси, Ҳайит намози, рўзага доир фатволар ҳақида атрофлича маълумотлар берилганидан сўнг рисола рўзага доир савол-жавоблар ҳамда рамазон маълумотномаси билан ниҳоясига етказилган. 

Рисола рўзасини чиройли тутишни ният қилиб турган мўмин-мусулмонлар учун ниҳоятда ажойиб қўлланма вазифасини ўтайди, иншоаллоҳ!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

 

Read 2148 times

Янгиликлар

Top