Бугун, 4 май куни Рамазон ойи арафасида масжидлар атрофини обод қилиш, намозхонлар учун қулай шарт-шароитлар ҳозирлаш ва санитария-гигиена ҳолатларини яхшилаш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан республикадаги барча жоме масжидларда “Озодалик куни” номли ҳашар тадбири ўтказилди.
Унда масжидлар имомлари ва қавмлари томонидан жомелар ҳудудларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ҳашарда халқимизга хос меҳр-оқибат, ўзаро ҳамжиҳатлик, улуғ айём олдидан масжидлар, маҳаллалар ва кўчаларни озода қилиш ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилди.
Ушбу ҳашар ишларида масжидлар имомлари ва жамоаси фаол иштирок этдилар. Масжидларнинг ички ва ташқи ҳудудларидаги ободонлаштириш ишлари билан биргаликда қўшимча бинолар, хонақоҳлар, китоб жавонлари, таҳоратхоналар ва ибодат қилиш учун ҳозирланган жойлар тозаланиб, шинам ҳолатга келтирилди.
Шунингдек, масжидларнинг атрофи ва ҳовлидаги яшил майдонларга сайқал берилди, қуриб қолган бегона ўтлар юлиб ташланди, ҳовлидаги шудгорлар тартибга келтирилди, дарахтлар оқланди ва қуриган шохлари кесилди. Ҳашар иштирокчилари манзарали, мевали дарахт ва гул кўчатларини экиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Ушбу ҳашар доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган ёрдамчи хўжалик ерларида ҳам кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
“Озодалик куни” шиори остида масжидларда ўтказилган Рамазони шариф олдидан ушбу ҳашар ишлари эртанги таровиҳ намозларида мўмин-мусулмонларга ўзгача бир тароват бахш этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати